Анчелотти: «Марокашга қарши баҳс учун асосий таркибни аниқлаб олдим»
Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти Мисрга қарши ўртоқлик ўйини (2:1) ҳақида фикр билдирди ва 13-июнга белгиланган жаҳон чемпионатининг илк расмий ўйини — Марокаш жамоасига қарши асосий таркибни аниқлаб олганини маълум қилди.
«Марокаш билан ўйин учун асосий таркибим аллақачон тайёр. Бу борада менда аниқ тасаввур бор. Назаримда, Винисиус ва Рафинья боғлами [Мисрга қарши ўйинда] жуда яхши ишлади. Улар муваффақиятли ҳаракат қилишди, шунинг эвазига бизда хавфли вазиятлар юзага келди. Ўйлайманки, иккаласи ҳам ажойиб ўйин ўтказди.
Жамоа яхши ўйнади — интенсив, юқори суръатда, сифат намойиш этди. Прессингдаги интенсивлик яхши даражада эди. Сўнгги 30 дақиқада, назаримда, бизга кўпроқ назорат керак эди. Биз чуқур ҳужум ҳаракатларини амалга оширишга ҳаддан ташқари қатъий ҳаракат қилдик. Бунга ҳожат йўқ эди — биз шундоқам ҳисобда олдинда бораётгандик», — деб Анчелоттининг сўзларидан иқтибос келтиради Globo.