Ана ҳолос! “Удинезе” дарвозабони тўрт йилга футболдан четлатилиши мумкин
“Удинезе” клуби дарвозабони Мадуке Окойе келишилган ўйинларда иштирок этганликда гумонланиб, Италияда 4 йилга футболдан четлатилиши мумкин. Бу ҳақда Corriere dello Sport хабар бермоқда.
Манбага кўра, воқеа 2024-йилнинг март ойида “Лацио” билан ўйинда содир бўлган. Учрашувнинг 64-дақиқасида Окойе вақтни чўзганлиги сабаб сариқ карточка олган. Маълум бўлишича, айнан шу воқеада ғайритабиий даражада кўп гаровлар қайд этилган.
Текширувлар шуни кўрсатмоқдаки, Нигерия терма жамоаси дарвозабони ўзининг яқин дўсти билан тил бириктирган бўлиши мумкин. Қайд этилишича, ушбу воқеа учун тикилган гаровлардан 120 минг евродан ортиқ ютуқ Удине провинциясида жойлашган букмекерлар орқали тўлаб берилган.
Иш материаллари аллақачон Италия футбол федерацияси прокуратурасига топширилган. Агар футболчи ушбу ишда айбдор деб топилса, 4 йилгача футболдан четлатилиши мумкин.