Алонсо ўрнига «Реал» бошқарувига келадиган асосий номзод маълум бўлди — манба
Мадриднинг «Реал» клуби ёшлар жамоаси бош мураббийи Альваро Арбелоа асосий жамоада Хаби Алонсонинг ўрнини эгаллаш учун эҳтимолий номзод ҳисобланади. Бу ҳақда ESPN нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, «қаймоқранглилар» раҳбарияти таркибдаги муаммоларни ҳал қилиш мақсадида қишки трансфер ойнасида фаол бўлиш вариантини ҳам кўриб чиққан. Бироқ клуб ичида январ ойидаги харидлар эҳтимоли паст деб баҳоланмоқда.
Қайд этилишича, Испания Суперкубоги «Реал» учун мавсумдаги муҳим бурилиш нуқтасига айланиши мумкин. Хаби Алонсонинг келажаги ҳануз ноаниқлигича қолмоқда, унинг ўрнига асосий номзод сифатида «Кастилья» бош мураббийи Альваро Арбелоа кўрилмоқда.
Ҳозирда «Реал» Испания чемпионати турнир жадвалида 42 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Мадридликлар пешқадам «Барселона»дан тўрт очкога ортда қолмоқда.
Испания Суперкубоги ярим финалида «Реал» «Атлетико»га қарши майдонга тушади. Учрашув 8 январь куни бўлиб ўтади.