Алонсо «Ливерпул»ни бошқаришга тайёр. «Реал» эса Зиданни жамоага қайтармоқчи
«Реал»да Хаби Алонсонинг келажаги тобора ноаниқ бўлиб бормоқда. Клуб ичида айрим футболчилар мураббийдан норози экани ҳақида миш-мишлар кучаймоқда. Бу ҳақда indykaila News нашри хабар берди.
Манбага кўра, Алонсо «Ливерпул»дан таклиф тушса, бош мураббийлик лавозимини қабул қилишга тайёр. Клубнинг спорт директори Майкл Эдвардс узоқ йиллардан бери Алонсо салоҳиятини юқори баҳолаб келади ва Юрген Клопп кетишини эълон қилганидан сўнг уни асосий номзодлардан бири сифатида кўрган. Бироқ ўша пайтда Алонсо «Реал» вариантини танлаб, «Энфилд»га қайтишдан бош тортганди.
Энди эса Арне Слотнинг қўл остида вазиятни январгача тузатиш имкони бор. Агар «Ливерпул» натижалари ўзгармаса, Алонсо Англияга қайтиши яна кун тартибига чиқиши мумкин — бу сафар бош мураббий сифатида.
Шунингдек, Алонсо «Реал»ни тарк этса, Мадрид клуби вақтинчалик мураббий сифатида Зинедин Зиданни қайтариши эҳтимол қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча дунёнинг энг ишончли нашрларидан бири The Athletic Винисиус Жуниор Алонсо билан келишмовчиликлар сабаб «Реал» билан янги шартнома имзолашдан бош тортаётгани ҳақида хабар берганди. Аввалроқ испан ОАВ ҳам «Реал» футболчилари Алонсо айрим тактик қарорларидан норози экани, жамоа ичидаги муносабатлар совуқлашгани ҳақида ёзгандилар.