Акмал Рустамов: «Сунъий қопламали майдонда тўп тепиш барибир қийин»
Суперлига 19-туридан ўрин олган “Хоразм” – “Қизилқум” (0:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида навоийликлар устози Акмал Рустамов журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
-ОКМК билан ўйиндан кейин Хоразмгача узоқ йўлни босиб ўтдик. Футболчиларнинг жисмоний ҳолатини маромига келтириш қийин бўлди. Шунга қарамай футболчилар борларини беришди, уларга раҳмат айтмоқчиман. 2-3 нафар футболчиларимиз - Шоҳруз Норхонов, Ислом Кенжабоев, Илҳомжон Ваҳобов бугун ўйиндан иштирок эта олишмади. Йигитлар йўқотишларнинг ўрнини билинтиришмади.
Биринчи бўлимда 3-4 та голли вазиятни яратдик, лекин якуний нуқтада қийналдик. Навоийдан келган мухлисларга ҳам раҳмат айтмоқчиман.
-Суперлига тарихида биринчи маротаба сунъий майдонда учрашув бўлиб ўтди. Майдон борасида фикрингиз қандай?
-"Хоразм"да сунъий майдон эканлигидан хабаримиз бор эди. Шу боис ўйиндан олдин Навоий футбол академияси майдонида сунъий майдонда машғулот ўтказишга улгурдик. Бунинг учун академия раҳбарларига раҳмат айтаман. Ўйинда машғулотдагига нисбатан бошқача юклама бўлади. Сунъий қопламали майдонда тўп тепиш барибир қийин.
-Ўйин давомида вақт чўзишлар нимадан келиб чиқяпти?
-Тўғри тушунишингизни сўрайман. Футболчиларими атайлабвақтни чўзишмаяпти. Ўйинлар орасида вақт кам. 1 кун йўлга, 2 кун машғулотга сарф қилинмоқда. Футболчиларнинг жисмоний ҳолатида толиқиш бор. Бу менимча ҳамма жамоада юз бераётган ҳолат. Чарчоқ шундан келиб чиқмоқда.