Агар Алонсо «Реал»дан истеъфога чиқарилса, унинг ўрнини ким эгаллаши маълум
Мадриднинг «Реал» клуби спорт директори Сантьяго Солари амалдаги бош мураббий Хаби Алонсо жамоани тарк этган тақдирда клубни бошқариши мумкин. Бу ҳақда AS нашри хабар бермоқда.
Сўнгги кунларда бир неча футбол агентлари «Реал» раҳбарияти билан боғланган, бироқ уларнинг ҳеч бири клуб ташқарисидан янги бош мураббий изланаётгани ҳақида ижобий сигнал олмаган. Аксинча, манбага кўра, раҳбарият зарурат туғилган тақдирда ечимни клуб ичида топишга тайёр. Бу борада асосий номзод сифатида Сантьяго Солари кўрилмоқда.
Қайд этиш жоиз, Солари аввал ҳам — 2018/2019 йилги мавсумда — «Реал» бош мураббийи лавозимида фаолият юритган.
Айни пайтда «Реал» Испания чемпионати турнир жадвалида 39 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Жамоа пешқадам «Барселона»дан тўрт очкога ортда қолмоқда.