Адейеми «Барселона» учун тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтди
Дортмунднинг «Боруссия» клуби вингери Карим Адейеми «Барселона»га ўтиш олдидан тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтди. Бу ҳақда AS нашри хабар берди.
Манбага кўра, 24 ёшли германиялик футболчи каталония клуби билан 5 йиллик шартнома имзолаган.
Хабар қилинишича, Адейемининг трансфери 18 июль, шанба куни расман эълон қилиниши режалаштирилган. Шунингдек, айнан шу куни футболчи «кўк-анорранглилар» сафидаги илк машғулотида иштирок этиши мумкин.
Бироқ ҳужумчининг расмий тақдимоти келаси ҳафтадан олдин бўлмайди. Сабаби, «Барселона» раҳбарияти айни вақтда АҚШда бўлиб турибди ва клуб вакиллари қайтганидан кейин тақдимот маросими ўтказилади.
«Барселона» ушбу трансфер учун «Боруссия»га 22 миллион евро қатъий тўлов амалга оширади. Бундан ташқари, келишувга 7 миллион еврогача бўлган бонуслар ҳам киритилган.