locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Моуриньонинг қатъий талаби: «Реал»да юлдузлар заҳирада қолиши мумкин

«Реал Мадрид» бош мураббийи Жозе Моуриньо янги мавсум олдидан жамоа таркиби бўйича аниқ позициясини билдирди.
Эксклюзив янгиликлар
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Моуриньонинг қатъий талаби: «Реал»да юлдузлар заҳирада қолиши мумкин
photo: gettyimages

«Реал Мадрид» бош мураббийи Жозе Моуриньо янги мавсум олдидан жамоа таркиби бўйича аниқ позициясини билдирди. Португалиялик мутахассис кичик таркиб билан ишлашни афзал кўраётгани сабабли айрим юлдуз футболчилар мунтазам ўйин амалиётисиз қолиши мумкин.

«Қироллик клуби» мавсумолди ўртоқлик учрашувида Венгриянинг «Ференцварош» жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Бу учрашув янги мавсум олдидан мадридликлар учун иккинчи жиддий синов бўлди.

Рақиб Европа лигаси саралаши ва миллий чемпионатдаги дастлабки баҳслардан сўнг юқори спорт формасида майдонга тушгани боис, учрашув оддий ўртоқлик ўйинидан анча мураккаб кечди. Иккинчи бўлимда айрим қийинчиликларга дуч келган бўлса-да, «Реал» ғалабани сақлаб қолди.

Энди Моуриньо шогирдларини мавсум бошланишидан олдин яна иккита синов — «Депортиво» ва Шалкега қарши баҳслар кутмоқда.

Моуриньо кичик таркиб тарафдори

«Marca» нашрининг ёзишича, Родрининг трансфери тўхтаб қолгач, асосий эътибор жамоа таркибига қаратилди. Бироқ Моуриньо Венгрияга етиб келиши биланоқ ўз режасини очиқ айтди.

«Бизга тахминан 20 нафар футболчидан иборат кичик таркиб керак,» — деди португалиялик мутахассис.

Бу баёнот мураббийнинг келажакдаги режалари борасидаги барча саволларга жавоб бўлди. Аммо жамоани ҳануз жароҳатлар муаммоси тарк этгани йўқ.

photo: gettyimages

Жароҳатлар бош оғриқ бўлиб қолмоқда

Моуриньо аллақачон бир қатор йўқотишларга дуч келган. Ҳимоячи Дин Ҳейсен жароҳат олган бўлса, Раул Асенсио ва Тиаго Питарч ҳам сафдан чиққан. Шунингдек, Эдер Милитао, Ферлан Менди ва Родриго ҳам ҳозирча жамоага ёрдам бера олмаяпти.

Шунга қарамай, португалиялик мураббий деярли ҳар бир позицияда камида иккита, айрим жойларда эса учта вариантга эга.

Дарвоза чизиғида Андрей Лунин ишончли заҳира ҳисобланади. Қанот ҳимоясида Марк Кукурелья, Альваро Каррерас, Дензел Дюмфрис, Трент Александер-Арнольд ва керак бўлса Ферлан Менди ҳам ўйнаши мумкин.

Марказий ҳимояда эса Ибраима Конатенинг трансферида кейин Раул Асенсио бешинчи танловга айланиб қолди. Шу сабабли унинг жамоани тарк этиши эҳтимоли тобора кучаймоқда.

Ярим ҳимояда кучли рақобат

Таянч ярим ҳимояси учун Орелен Чуамени, Федерико Вальверде, Бернарду Силва, Эдуардо Камавинга ва Тиаго Питарч кураш олиб бормоқда.

Икки ўрин учун беш нафар футболчининг рақобати Моуриньодан ротацияни жуда эҳтиёткорлик билан бошқаришни талаб қилади.

Ҳужум чизиғида танлов янада катта

Чап қанотда Винисиус Жуниор асосий номзод бўлиб турибди. Родриго соғайгач, ўзининг табиий позициясига қайтиши кутилмоқда.

Ўнг қанотда Ян Диоманде ва Брахим Диас ҳаракат қилмоқда. Зарурат туғилганда Эндрик ҳамда Федерико Вальверде ҳам ушбу позицияда ўйнаши мумкин.

Ҳужум ортида Жуд Беллингем ва Арда Гюлер вариантлари мавжуд. Марказий ҳужумда эса асосий умид Килиан Мбаппе бўлиб қолмоқда. Уни Эспи ва Эндрик заҳирадан қўллаб-қувватлаши мумкин.

photo: gettyimages

Юлдузлар учун заҳира ўриндиғи хавфи

Моуриньонинг кичик таркиб ҳақидаги қарори айрим машҳур футболчиларнинг мунтазам равишда заҳирада қолишига олиб келиши мумкин.

Бироқ «Реал Мадрид» сўнгги йилларда жароҳатлар сабаб кўп бор фавқулодда вазиятларга дуч келган. Айни шу омил кўпинча клубни қўшимча трансферлар қилишга ёки академия тарбияланувчиларига имконият беришга мажбур қилган.

Шу боис Моуриньонинг ихчам таркиб билан ишлаш режаси муваффақият келтирадими ёки аксинча, жамоа учун муаммога айланадими, бунга фақат мавсум давомида жавоб топилади. Сизчи, сиз нима деб ўйлайсиз? Фикрларингизни изоҳларда қолдиринг.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг