Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи — Ўзбекистоннинг турнирдан воз кечиши ҳақида
Қозоғистон бокс терма жамоаси бош мураббийи Қайрат Сатжанов 30 июндан 7 июлгача Остонада ўтадиган нуфузли World Boxing турнирида Ўзбекистон терма жамоасининг иштирок этмаслигига муносабат билдирди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон аввалига иштирок этишини тасдиқлаган, аммо кейин рўйхатдан чиқиб кетган:
“Бошида ариза юборишган, қатнашчилар рўйхатида ҳам бор эди. Аммо бир-икки ҳафта ўтиб, турнирда қатнашмасликларини билдиришди. Сабабини айтишмади”, — деди Сатжанов.
Мураббийнинг фикрича, кучли рақиблардан бири иштирок этмаслиги мусобақа даражасига таъсир қилмайди:
“Нега мусобақа шундан кейин заиф бўлади деб ўйлаш керак? Остонага жаҳон чемпионлари, Олимпиада медалчилари ва Осиёнинг етакчи боксчилари келади. Жуда кучли таркиб йиғилмоқда. Турнир юксак даражада ўтади, деб ишонаман”.
Ўзбекистоннинг нега бундай қарор қабул қилганига оид саволга жавоб берар экан, Сатжанов қисқа қайд қилди:
“Аниқ билмайман. Балки бу уларнинг стратегиясидир. Бу уларнинг танлови, муҳокама қилмоқчи эмасман”.
Қайд этилишича, World Boxing мусобақаси Париж Олимпиадасига тайёргарликнинг муҳим босқичларидан бири ҳисобланади. Қозоғистон терма жамоасининг дастлабки таркиби ҳам эълон қилинган.