Қолиб кетган \"Насаф\", \"ўлим\" гуруҳи ва кубок тарихи
Футбол бўйича Ўзбекистон кубогининг 2025 йилги мавсуми қизғин давом этмоқда. Аввалига ўтган йилги чемпионлар “Андижон”нинг 2- турдан кейиноқ гуруҳда қолиб кетиши маълум бўлган бўлса, ҳал қилувчи учинчи турдан кейин “Насаф” ҳам “Андижон” қаторига қўшилди.

Ушбу мавсумда ОКМК, “Пахтакор”, “Насаф” ҳамда Навоий футбол академиясининг “Навоий ФА” жамоалари бир гуруҳдан ўрин олишган эди. Шунинг учун ҳам “H” гуруҳини “ўлим” гуруҳи деб аташ мумкин.

“Шерлар” 13 карра Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлишган (1993, 1997, 2001, 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2009, 2011, 2019, 2020).

“Аждарлар” Ўзбекистон кубогини 4 марта боши узра кўтарган (2015, 2021, 2022, 2023).

“Кончилар” эса 2018 йили Баҳтиёр Ашурматов қўл остида Ўзбекистон кубоги чемпионига айланган.

Бу йил 32- мавсумини (1999-йили мусобақа бўлмаган) ўтказаётган Ўзбекистон кубоги баҳсларининг 18 та чемпионлари бир гуруҳдан ўрин олганидан кейин, албатта “ўлим” гуруҳи деб аталади-да, тўғрими?

Ўзбекистон кубогининг қолган 14 та чемпионлари қайси клублар эди, дейсизми? Мусобақанинг илк ғолиби Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси ҳисобланади. Улар шунингдек яна икки бор бу совринга эга чиқишган.
“Навбаҳор” (1992, 1995, 1998)

Водийнинг яна бир жамоаси Фарғонанинг “Нефтчи” клуби икки марта кубок соҳиби бўлган.
"Нефтчи" (1994, 1996)

Бразилия терма жамоаси билан Жаҳон чемпиони бўлган, “Челси”даги муваффақиятсизликдан кейин Тошкентга кўчиб келган Луис Фелипе Сколари “Бунёдкор” билан Ўзбекистон кубогини юта олмаган бўлса-да, “қалдирғочлар” кубокни ўз тарихида 4 марта ғолибга айланган.

Шуларнинг иккитасини ютиб олишда 1999-йилги олтин тўп соҳиби Ривалдонинг ҳам ҳиссаси бор. 10.2 миллион евро маош эвазига “Қалдирғоч"га айланган Ривалдо ўз музейига ўзбек совринини ҳам қўшиб қўйган.

Бунёдкор (2008, 2010, 2012, 2013)

Тошкентнинг яна бир клуби “Локомотив” 3 карра чемпион ҳисобланади.
Локомотив (2014, 2016, 2017)

Бу рўйхатни Тошкент вилоятининг “Дўстлик” жамоаси якунлаб беради. Тошкент шаҳри марказидан тахминан йигирма километр узоқликда жойлашган ушбу клуб XXI аср бошида, яъни 2000-йилда ўзининг Ўзбекистон кубогидаги ягона чемпионилигини нишонлаган.

Бироз тарихни эсга олдик. Келинг энди яна “H” гуруҳидаги вазиятга қайтамиз. Сўнги тур олдидан “шерлар” олти очко билан гуруҳда пешқадамлик қилаётган эди ва “Насаф” ҳамда ОКМК жамоалари эса бир хил уч очко тўплаган ҳолда иккинчи ўрин учун курашаяётган эди. ОКМК-"Насаф" ўйинида эса олмалиқликларнинг қўли баланд келган эди 3:2.

Шунинг учун ҳам гуруҳнинг сўнги турида “Аждарлар” пойтахтда гуруҳ пешқадамини мағлуб этиши ва ОКМК клуби академия жамоаси билан ўйинда очко йўқотишини кутиши керак эди. Амалда ҳар иккала сценарий ҳам амалга ошмади. “Насаф” “Жар”да жарга қулади. Қаршиликлар ўз тарихида илк бор “Пахтакор”дан олтита тўп ўтказиб юборди, 6:3. Олмалиқдаги баҳсда эса, Миржалол Қосимов шогирдлари ёшларга мастер-класс ўтказиб беришди, 12:1.

Ўзбекистон кубоги. 3-тур “H” гуруҳи
ПАХТАКОР 6:3 НАСАФ
Голлар: Иброхим Ибрагимов, 3 пен (1:0), Игор Сергеев, 14 (2:0), Стефан Чолович, 28 (2:1), Акмал Мозговой, 32 (2:2), Дилшод Абдуллаев, 36 (3:2), Ҳусайн Норчаев, 54 (3:3), Игор Сергеев, 61 (4:3), Браян Риаскос, 81 (5:3), Игор Сергеев, 85 (6:3)
Қизил карточка: Алибек Давронов, 69 (Насаф)

ОКМК 12:1 НАВОИЙ ФА
Голлар: Рубен Санчес, 1 (1:0), Азиз Холмуродов, 19 (2:0), Нодирбек Абдураззоқов, 21 (3:0), Рубен Санчес, 33 (4:0), Шерзод Рауфов, 42 автогол (5:0), Нодирбек Абдураззоқов, 42 (6:0), Аҳмадулло Муқумжонов, 50 (7:0), Асадбек Собиржонов, 55 (8:0), Рубен Санчес, 58 (9:0), Ҳасан Муродиллоев, 60 (9:1), Хуршид Ғиёсов, 64 (10:1), Хуршид Ғиёсов, 77 (11:1), Асадбек Собиржонов, 78 (12:1)

Ўзбекистон кубогининг 2025 йилги мавсумида мана шундай вазият вужудга келди. “Насаф” энди бор эътиборини Суперлига ҳамда ОЧЛ га қаратади. Ўзбекистон кубогининг 1/8 финалига 23-май куни қуръа ташланади.

Финал баҳси эса “Андижон” шаҳридаги “Бобур Арена”да бўлиб ўтади. Сизнингча Ўзбекистон кубогининг бу мавсумдаги чемпиони қайси жамоа бўлади?