Бир неча соатлардан кейин, Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳридаги “Al Nahyan” стадионида Жаҳон чемпионати сўнгги саралаш босқичи доирасидаги БАА-Ўзбекистон қарама-қаршилиги бўлиб ўтади. Ушбу ўйин олдидан футбол ичидаги ҳамда ташқарисидаги инсонларнинг фикрлари билан қизиқдик:
Миржалол Жўраев (Турон U21, Турон жамоаси собиқ бош мураббийи, ҳозирда футбол академиясида фаолият юритмоқда):
"Осон ўйин бўлмайди. Сабаби Жаҳон чемпионати йўлланмаси турибди. Рақибларимиз ҳам орқамиздан қувлаб келмоқда. Ўйлашимча 1:1 ёки 2:2 ҳисобида дўстона дуранг қайд этилади. Биз орқани ўйламасдан ҳужумга ўтишга ҳам ҳаққимиз йўқ. Ҳимояни ўйлаб олдинга олға босмасликка ҳам ҳаққимиз йўқ. Натижа учун ўйнашга мажбурмиз.
Шунинг учун натижага ҳаракат қилишимиз керак. Сабаби агар мағлубиятга учрасак, охирги тур жуда ҳам аланга олиб кетиши мумкин. Ўйлайманки бешинчи куни ижобий натижа билан, Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритамиз.
Бутун вужудимиз билан, қалбан Ўзбекистон терма жамоаси билан биргамиз. Ҳаммамиз кутган тарихий онлар яқин. Мундиалга чиқишимизни кутган ҳолда дунёдан ўтиб кетганлар қанча. Буни жуда узоқ кутдик. Футболчилар ҳам буни ҳис қилиб туришибди. Шу ҳаққи-ҳурмати ҳам ижобий натижа қилишимиз керак"
Жалолиддин Маҳмудов (Архитектура ва қурилиш мутахассиси. Айни вақтда Жанубий Кореяда докторантурани давом эттирмоқда):
“БАА терма жамоасини бемалол ютамиз деб ўйламоқдаман. Сабаби, рақибда зўр стадионлар бор бўла туриб, энг кичик майдонни танлаши ва бошқа ташқи омилларни кўриб, улар ўйиндан олдин ўзи таслим бўлиб улгурди деб ўйлайман. Шунинг учун “чўкаётган одам чўпга ҳам осилишга ҳаракат қилади”,- деб айтилган гап борку!
Арабларнинг Ўзбекистондан қўрқиши билиниб турибди ва ҳужумчиларимизни қаттиқ қўриқлашади. Ҳужумчиларимизда унчалик ҳам имконият бўлмасдан, бошқа чизиқдаги футболчиларимиз гол уришса керак, ёки бўлмаса стандарт вазиятлардан ҳам унумли фойдалана олишимиз мумкин.
Қарши ҳужумлардан фойдаланиб кетишимиз ҳам мумкин. Рақибга кўпроқ ғалаба кераклиги учун ҳам улар кўпроқ олдинга чиқишга мажбур бўлади. Хайрулла Ҳамидов айтганидек: “Жаҳон чемпионатига чиқиш учун пишиб, етилиб, тўкилиб ҳам бўлганмиз”. Биз руҳан ҳам, бошқа жиҳатлардан ҳам мундиалга чиқишга тайёрмиз"
Азамат Абдумуталов (болалар ва ўсмирлар спорт мактаби футбол мураббийи):
“Бешинчи куни ғалаба қозонамиз деб ўйлаяпман. Дуранг билан эмас, айнан ғалаба билан чиқамиз. Жаҳон чемпионатига чиқишни оддий таърифлаб бўлмайди. Хурсанд юрасиз, кайфиятга зўр таъсир қилади”
Шерзод Ҳамдамов (Ҳудуд газ, газ таъминоти ходими):
"Ўйинни ҳамма қатор мен ҳам кутяпман. Менимча ўйин 1:1 ҳисобида якунланади. Абу Дабидан ҳамма хурсанд ҳолда келишини хоҳлаяпман. Қатар билан уйдаги ўйинда натижа нима бўлар экан деб кутмасдан, хотиржам, мазза қилиб футбол кўрамиз деб умид қиламан.
“Ушбу ўйин футболчилар учун ҳам, халқ учун ҳам аҳамиятли ҳисобланади. Биз БААдан кучлироқмиз. Ўйинда босим бўлиши мумкин. Футболчилар томонидан “бизда дуранг учун ўйнаш нияти йўқ”,- деб айтилган фикрларни интервьюлардан билдик. Фикр-у ҳайол Жаҳон чемпионатида бўлганидан кейин, баҳс натижаси йирик ҳисоб бўлмаса керак деб ўйлайман.
Тахминан дуранг, ёки бир тўп фарқи билан ғалаба қозонамиз. Натижани олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган замонда яшаяпмиз. Европа чемпионлар лигаси финалини кўрдингиз. Кўпчилик “Интер" ПСЖни мағлуб қилади, чунки “Барселона”ни тўхтатди деб тахмин қилган эди, бироқ натижани қандай бўлганини биласиз. Агар мўъжиза юз бермаса, ютқазмасак керак.
Жаҳон чемпионатига чиқиш футболимизга албатта ижобий таъсирини ўтказмасдан қолмайди, аммо барибир ҳаммаси болалар футболига бориб тақалади. Чунки мундиалда Хитой ҳам, Шимолий Корея ҳам иштирок этган, бироқ уларнинг болалар футболидаги базаси йўқлиги учун ҳозирда бу ишни уддалай олмаяпти ва бу юрт футболчилари Европанинг грандларида ўйнамаяпти.
Олимжон Ахмедов (муcофирдаги тадбиркор):
"Ҳозирги терма жамоамиз таркибини тарихдаги энг кучлиси деб айта олмаган бўлардим. Шахсий фикримча тарихдаги энг кучлиси Жепаров, Кападзе, Гейнрих, Одил Ахмедов, Денисовлар ўйнаган жамоа. Осиёга саккиз яримта йўлланма берилганлиги ҳамда терма жамоамиз кучли 10 таликка кириши, Жаҳон чемпионатига чиқишимизни шарт қилган сабаб деб биламан. Олдинлари қийин бўлган. Тўртта аниқ йўлланма ва у ёғи математика. Тўртликда Корея, Япония, Эрон, Австралия ҳар доим фаворит бўлган. Ҳозир эса, гуруҳимизда бизнинг даражамиздаги жамоа Эрон ҳалос. Бу Эрон ҳам Карлуш Кейруш давридаги қўрқинчли Эрон эмас.
Бу ҳозирги таркиб кучсиз дегани эмас. Ўйинга келсак, майдон ташқарисидаги воқеалар майдон ичига ҳам кўчиб ўтмаса, Худо хоҳласа Жаҳон чемпионати йўлланмасини БААда ҳал қиламиз. Мабодо, бир нималар бўлиб кетадиган бўлса, бир нарса дейиш қийин. Кўнглим сезиб турибди, шу сафарги саралашда мундиалга борамиз. Ҳаммаси ўз қўлимизда, имконият жуда ҳам яхши ва қолаверса захирада ҳам ўйинимиз бор.
Кўнгилни хира қиладиган томони, терма жамоамиз ҳал қилувчи муҳим ўйинларда кўп ютқазган. Эртага ундай бўлмайди, деган умиддаман. Саралашлар тарихидаги энг аламлиси Бабаян бошқарувидаги Жанубий Кореяга қарши баҳсда учралган мағлубият бўлган.
Араблар биздан очиқчасига қўрқяпти. Улардан ҳар қандай ҳолатда ҳам кучлироқмиз. Легионерларимизнинг ҳаммаси юқори формада келишди. Эртага биз БААни юцсак, рақибда тўғридан-тўғри чиқиш имконияти йўққа чиқади ва уларга у ёғида анча қийин бўлади. Агар рақиб ғалаба қозонадиган бўлса, унда бизга келгусида бош оғриқ бўлади"