Энди мазах қилиш объекти эмас: Энрике раҳбарлигида ПСЖ қандай ўзгарди
Қатарлик сармоядорлар «ПСЖ»га келганидан сўнг, клубнинг асосий мақсади Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониш эди. Вақт ўтиши билан бу парижликлар учун муттасил ғояга айланди. Улар ЧЛдаги ғалаба ҳақида қанчалик кўп гапирсалар, у шунчалик узоқлашарди. «ПСЖ» раҳбарияти кўзланган мақсад йўлида бир нечта лойиҳаларни қурди ва бузиб ташлади. Парижликлар юлдуз футболчиларни сафига қўшди, мураббийлар ва бошқарувчиларни алмаштирди, аммо натижа чиқмади. Улар Францияда ҳукмрон бўлиб қолишди, гарчи у ерда ҳам унвонларни бой беришга улгурдилар, бироқ Европа майдонида вазият анча мураккаб эди.
Узоқ вақт давомида «ПСЖ»нинг марказий шахси Килиан Мбаппе эди. Шубҳасиз, француз, у ҳақида ёзилганидек, мураббийларни тайинламаган ёки ишдан бўшатмаган, аммо бошқа ўйинчиларга қараганда кўпроқ таъсирга эга эди. Клуб президенти Нассер Ал-Хелайфий парижликлар ҳар доим унинг атрофига юлдузли таркиб йиғишга интилганини тан олди. Бироқ Килианнинг ўзи бу юлдузлар билан чиқиша олмагани, мураббийлар ҳам сифатли футболчилардан сифатли жамоа шакллантира олмагани алоҳида масала. Аммо аввало Луис Энрикенинг келиши, кейин Мбаппенинг кетиши билан ҳамма нарса ўзгара бошлади. Тақдирнинг ҳазилини қарангки, парижликлар ўз вақтида айнан уларга қарши Чемпионлар лигаси тарихидаги энг эпик қайтишлардан бирини амалга оширган мутахассисга ишонч билдиришди.
Энрике ёшларга ишонадиган тизимли мураббий. Таркибда Мбаппедек таъсирли футболчи бўлган ҳолда, ўз режаларини амалга ошириш қийин. Бундай вазиятда қуриш эмас, балки мослашишга тўғри келади. Килиан каби футболчилар ҳужумга йўналтирилган. Улар бутун майдон бўйлаб югурмайдиган, прессингни амалга оширмайдиган ва тўпни тортиб олмайдиган ўйинчилардир. Энрикега эса айнан шундай футболчилар керак эди ва у уларни ўтган мавсум оралиғида қўлга киритди. «ПСЖ» Мбаппенинг ўрнига тўғридан-тўғри ўринбосар сотиб олмади, балки аллақачон таркибда бўлган Бредли Баркол ва Усмон Дембелега ишонч билдирди. Бири – жуда ёш, иккинчиси – жуда дангаса (кенг тарқалган фикрга кўра). Ҳатто иккаласи биргаликда ҳам жамоанинг Мбаппедан олган голларини бера олмаслигига ўхшарди.

Ёзда парижликлар юлдузларга эмас, ёшларга эътибор қараташи аниқ бўлди. Франция пойтахтига ҳимоячи Вилиан Пачо, ярим ҳимоячи Жоау Невеш ва қанот ҳужумчиси Дезире Дуе кўчиб ўтди. Қишда «ПСЖ»га қанот ҳужумчиси Хвича Кварацхелия қўшилди. Грузиялик футболчи 23 ёшида ёзги ва қишки трансферлар орасида парижликларнинг энг машҳур ва энг катта ёшли янги аъзосига айланди. Бироқ Хвича келган пайтда «ПСЖ» шунчалик яхши эдики, бу трансферни мавсум ўртасида амалга ошириш унчалик зарур эмасдек туюлди. Шунга қарамай, Кварацхелиянинг қўшилиши билан парижликлар янада хавфли, қизиқарли ва ижодкор бўлиб қолди.
Узоқ вақтдан бери биринчи марта «ПСЖ» раҳбарияти мураббийга тўлиқ ишонч билдирди ва унга ўз ғояларини амалга оширишга имконият берди. Ҳозир парижликлар жуда ишончли кўринишга эга. Улар топ-5 лигалар ичида миллий чемпионатда ҳали бирор марта мағлуб бўлмаган ягона жамоа бўлиб қолмоқда. «ПСЖ» бир ўйинчининг жамоаси бўлишдан тўхтади. Энди бу шунчаки жамоа бўлиб, унда ҳар бир аъзо ўз вазифасини билади ва уни сифатли бажаради. Парижликлар бор кучи билан рақибни сиқувга олмоқда, ҳужум қилмоқда ва ҳимояланмоқда. Дастлаб, бу Энрике ва Испания терма жамоасида кўрилган "ватокат" услубига ўхшаш эди, аммо қисқа вақт ичида ёшлар тажриба орттирди ва янада шиддатли ҳамда фаол ҳаракат қила бошлади.
Албатта, биринчи навбатда «ПСЖ»нинг ҳужуми эътиборни тортмоқда. Айниқса, Усмон Дембеле ажралиб турибди. У 21 та гол билан Франция чемпионатининг энг яхши тўпурари ҳисобланади. Франциялик футболчи ўз фаолиятидаги энг яхши мавсумни ўтказмоқда. У Лига 1нинг сўнгги 10 та ўйинида 16 та гол урди. Умуман олганда, Усмон барча мусобақаларда 30 та гол киритди – бу аввалги бир нечта мавсумда эришган натижаларидан кўпроқ. Дембеле 2025 йилнинг энг самарали футболчиси ҳисобланади. У ҳар бир ўйинда ўртача 1,1 гол урмоқда, бу Қатар хўжайинлари даврида «ПСЖ» футболчилари орасидаги энг яхши кўрсаткичдир. Қарши қанотда Баркола ҳаракат қилмоқда. Ёш француз ҳам мавсумни яхши ўтказмоқда, у 18 та гол урди ва 12 та гол узатмасини амалга оширди.
Гонсалу Рамуш 13 та гол урди, гарчи у асосий таркибдан кўра кўпроқ захирадан майдонга тушаётган бўлса-да. Ду ҳам ўзини аъло даражада кўрсатмоқда – 7 та гол ва 11 та голли узатма. Парижликларнинг ҳужум чизиғи шундоқ ҳам жуда кучли кўриниб турарди, кейин эса Хвича ҳам келиб қўшилди ва у «ПСЖ»нинг ҳужум қудратини янада оширди. 2022/23-йилги мавсумдан бери у тўп билан 169 та юриш амалга оширди, булар хавфли вазият яратиш ёки дарвозага зарба бериш билан якунланди. Фақат Винисиусда бу кўрсаткич ундан юқори. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан парижликлар Лига 1нинг жорий мавсумида 73 та гол уришга эришди. Улар «Барселона» билан бир қаторда Европанинг энг сермаҳсул жамоаларидан бири бўлиб, ҳар бир ўйинда ўртача 2,8 та гол урмоқда.

Аммо «ПСЖ» фақат ҳужум чизиғида кучли эмас. Парижликларнинг ярим ҳимояси ҳам жуда мукаммал. Жоау Невеш «Бенфика»дан ўтгач, янги жамоага тезда мослашди, Фабиан Руис яна ўз ўйинини топди, Витинья эса умуман юқори даражада ўйнамоқда. У Европанинг энг яхши ўйин ташкилотчиларидан бири ҳисобланади. Португалиялик футболчи 90 фоиздан ортиқ аниқ узатмаларни амалга оширади ва майдоннинг ҳужум қисмига узатмалар сони бўйича Лига 1да етакчилик қилмоқда (162 та). У «ПСЖ»нинг аксарият ўйинларини назорат қилишининг асосий сабабчиларидан бири. Ўртача ҳисобда парижликлар ўйин вақтининг 67,5 фоизида тўпни эгаллаб турмоқда. Бу Европадаги барча жамоалар орасида «Бавария»дан (69%) кейингги иккинчи энг яхши натижа ҳисобланади.
Ҳимояда ҳам «ПСЖ»да ҳамма нарса жойида. Маркиньос мудофаа марказини бошқармоқда, Нуну Мендеш ва Ашраф Ҳакими эса қанотларда ажойиб ўйин кўрсатмоқда. Марокашлик жорий мавсумда 73 та хавфли вазият яратди, бу топ-лигалардаги ўйинчилар орасида бешинчи энг яхши кўрсаткичдир. Мендеш эса муҳим ўйинларни ғоят кучли ўтказади. Масалан, «Ливерпул»га қарши биринчи учрашувда у тўп тортиб олиш ва ютуқли курашлар бўйича иккала жамоада ҳам энг яхши ўйинчи бўлди. Парижликлар сафида дарвозабон позициясида Жанлуижи Доннарумма ўйнамоқда. Баъзида италиялик футболчи муваффақиятсиз ўйинлар ўтказса-да, «Ливерпул»га қарши жавоб ўйини шуни кўрсатдики, унга масъулиятли вазиятларда ишонса бўлади.
Энрике ўз принципларидан воз кечмаяпти. У ҳамон жамоаси узоқ вақт тўпга эгалик қилишини ва кўп пас узатишини хоҳлайди. Фақат энди бу голларга айланмоқда. Эҳтимол, бир нечта жамоа ўйинчиларининг жуда яхши формада эканлиги мураббийнинг вазифасини енгиллаштирмоқда. Бироқ бу унинг хизмати ҳисобланади. Парижликлар жуда юқори даражада ҳужум қилмоқда, ҳимояланмоқда ва рақибни сиқувга олмоқда. Жамоавий саъй-ҳаракатлар ва уйғун ҳаракатлар ўз натижасини бермоқда. Франция чемпионати тарихида атиги 4 марта камида битта жамоа мавсумнинг шу давригача мағлубиятсиз келган. Шу билан бирга, ҳеч ким Лига 1ни мағлубиятсиз ўтказмаган. «ПСЖ»нинг Франция футболи тарихида янада мустаҳкамроқ ўрин эгаллаш имконияти бор.
Диққатга сазовор томони шундаки, «Ливерпул» устидан қозонилган ғалабадан сўнг парижликлар Чемпионлар Лигаси совриндори учун асосий даъвогарлардан бири сифатида қабул қилина бошланди. Бу мантиқан тўғри, чунки улар гуруҳ босқичининг энг кучли жамоасини чиқариб юборишди, ўзлари эса 15-ўринни эгаллашди. Ваҳоланки, «ПСЖ» ўйин тугашига 3 тур қолганда фаоллашганида юқорироқ ўринни эгаллаши ҳам мумкин эди. Аммо шунда ҳам парижликлар тўпга эгалик қилишнинг ўртача фоизи (59,44%) бўйича ЧЛдаги барча жамоалар орасида 5-ўринни эгаллади ва кутилган голлар кўрсаткичи 14 та ҳақиқий гол билан 16,37 ни ташкил этди. Айтганча, Энрике Чемпионлар Лигасида мураббий сифатида дебют қилганидан буён ушбу турнирда 63,2 фоиз ўйинларда ғалаба қозонган. Бу Карло Анчелотти (63,5%) ва Ханс-Дитер Фликдан (85,7%) кейин ўша даврдаги учинчи кўрсаткичдир. Лига 1 билан вазият аллақачон тушунарли. Эҳтимол, ЧЛдаги ғалабалар фоизини ошириш вақти келгандир.
