Элмурод Эрматов: «Ўттиз йиллик меҳнат самараси бир очкога боғлиқ бўлиб турибди»
Sports24.uz журналисти Элмурод Эрматов билан боғланиб, унинг бугунги ўйин ҳақидаги фикрлари билан қизиқди:
“Бугун Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоасидан нафақат тактик ўйин, балки айёрликларни ҳам кутяпмиз. Хавотирдаман. Сабаби ҳакамларнинг халақит қилиши, шунингдек футболчилар ўйинда арабча айёрона ҳаракатларни амалга ошириши ҳақиқатга яқин туюляпти. Ҳақиқатда ҳаёт-мамот жангги бўлади. Чунки, рақиб бугун бор маҳоратини ишга солишга мажбур бўлади.
Охирги бешта баҳсда бир марта ютган экан. Бизникилар тўрт марта ғалаба қозонган. Абрамов айтганидек: ”ўзбек футболи араб футболидан бир бош устун бўлган". Энг асосийси араб футболининг айёрликларига учмаслик керак. Мураббий бу ҳолатга тайёр туришни энг катта вазифа қилиб тайинлаши керак.
Жаҳон чемпионатини узоқ йиллардан бери кутиляпти ва анча одамлар оламдан ҳам ўтиб кетди. Ўттиз йиллик меҳнат самараси бир очкога боғлиқ бўлиб турибди. Ҳар доим нималардир халақит берди. Кўриб турибсиз бу сафар жамоамиз ҳам яхши даражада ва Жаҳондаги кучли чемпионатларда ўйнамоқда.
Агар мундиал йўлланмасини қўлга киритсак, ўзбек футболи тўғри йўлдан кетаётганлигини кўрсатган бўлади. Айни пайтда ўзбек футболини Марказий Осиёда лидер дейишимиз мумкин. Чунки, қўшни мамлакатларга ташриф буюриб шуни билдикки, уларда биз каби инфратузилма йўқ. Футболимиз, Суперлигамиз ҳам борган сари ривожланиб бормоқда. Энг асосийси бугун ғалаба қозониб ҳайит байрами учун совға сифатида тақдим этишлари керак",-дейди Эрматов