Ўзбекистонлик теннисчи Камила Раҳимова Анжеда WTA 125 чемпионига айланди
Ўзбекистон терма жамоаси вакили Камила Раҳимова Франциянинг Анже шаҳрида якунланган WTA 125 Open Angers Arena Loire турнирида чемпионликни қўлга киритди. Ҳал қилувчи финал учрашувида Камила Германиялик Татьяна Корпачни 6–3, 7–6(4) ҳисобида мағлуб этди.
Финалнинг илк дақиқалариданоқ Раҳимова кортда барқарорлик ва тажовузкор ўйин намойиш қилди. Биринчи сетда у тезда устунликни қўлга олиб, 6–3 ҳисобида ғалаба қозонди. Иккинчи сетда тенг кураш кузатилди, аммо Камила асосий вазиятларда совуққонликни сақлаб, тай-брейкда 7–6(4) ҳисобида устун келди.
Камиланинг чемпионлик сари йўлида турнирнинг иккинчи рақамли теннисчиси — Хорватиялик Ана Ружич устидан қозонган 4–6, 6–3, 7–5 ҳисобигаги иродали ярим финал ғалабаси ҳафтанинг энг ёрқин лаҳзаларидан бири бўлди.

Анжедаги ғалаба Раҳимованинг WTA 125 даражасидаги жорий мавсумдаги илк чемпионлиги бўлиб, унинг Ўзбекистон байроғи остида ўтказган муваффақиятли стартининг муҳим босқичига айланди.