Ўзбекистон теннисчилари Индонезияга қарши баҳсда омадсиз ўйин намойиш этди
Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида аёллар ўртасидаги нуфузли Billie Jean King кубоги — норасмий жаҳон чемпионати давом этмоқда. Мусобақанинг II Осиё/Океания гуруҳи доирасида бугун Ўзбекистон терма жамоаси Индонезияга қарши майдонга тушди.
Биринчи баҳсда мамлакатимизнинг учинчи ракеткаси Дарья Шубина Анжали Кирана Жунарто билан куч синашди ва жиддий қаршилик кўрсатганига қарамай, 0:2 (6/7, 6/7) ҳисобида ютқазди.
Иккинчи ўйинда кутилмаганда Нигина Абдураимовани Сабрина Олимжонова алмаштирди. У ишончни оқлаб, Мишка Синклейр Гоенадини 2:0 (6/3, 6/3) ҳисобида мағлуб этди.
Қарорли жуфтлик баҳсида Абдураимова/Шубина дуэти Индонезиялик рақибаларга қарши кураш олиб борди, аммо янада тажрибали рақибларга 0:2 (6/7, 5/7) ҳисобида имкониятни бой берди.
Шу тариқа, Оқгул Омонмуродова бошчилигидаги теннисчилар мусобақадаги иккинчи учрашувини ҳам мағлубият билан якунлашди.