Янник Синнер Рим «Мастерс» турнири ғолибига айланди ва тарихий рекорд ўрнатди
«Катта дубулға» тоифасига кирадиган турнирларнинг тўрт карра ғолиби, дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси Янник Синнер Италия пойтахти Рим шаҳрида якунланган «Мастерс» мусобақасида чемпионликни қўлга киритди. Италиялик теннисчи ҳал қилувчи финал баҳсида жаҳон рейтингида 25-ўринда турган норвегиялик Каспер Руудни 6:4, 6:4 ҳисобида мағлуб этди.
Учрашув 1 соат 44 дақиқа давом этди. Баҳс давомида Синнер 2 та эйс (тўғридан-тўғри очко) қайд этди, бирор марта қўш хатога йўл қўймади ва 5 та брейк-пойнтдан 3 тасини муваффақиятли амалга оширди. Рууд ҳисобида эса 3 та эйс, 2 та қўш хато ва 2 та брейк-пойнтдан 1 та самарали натижа қайд этилди.
Римдаги ушбу ғалаба Синнер учун фаолиятидаги 29-соврин, жорий мавсумдаги эса бешинчиси бўлди. Шу тариқа, Янник Синнер кетма-кет 6 та «Мастерс» турнирида зафар қучган тарихдаги илк теннисчига айланди. Шунингдек, у ATP-1000 тоифасидаги барча 9 та турнирнинг ҳар бирида чемпионликни қўлга киритган тарихдаги иккинчи спортчи сифатида қайд этилди.