«Тоттенхэм» Дэвис билан шартномани узайтирди
«Тоттенхэм» марказий ҳимоячи позициясида тўп тепувчи Бен Дэвис лондонликлар билан янги шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.
Уэльс терма жамоаси аъзоси «шпорлар» шарафини 2026/2027 йилги мавсум якунига қадар ҳимоя қиладиган бўлди.
«Бен — кийиниш хонасида ўз таъсирига эга бўлган футболчи. У бир неча бор клуб сардори сифатида майдонга тушган ва ўзининг ҳар бир ҳаракати билан «Тоттенхэм» қадриятларини акс эттиришда давом этмоқда. Табриклаймиз, Бен!» — дейилади клуб матбуот хизмати хабарида.
Дэвис «Тоттенхэм» сафида 12 йилдан буён ўйнаб келмоқда — ҳимоячи 2014 йилда «Суонси» клубидан Лондон жамоасига кўчиб ўтган эди. 33 ёшли футболчи «шпорлар» либосида жами 363 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 10 та гол ва 26 та голли узатмани ёздириб қўйган.