Тошкент шаҳридаги Республика Олимпия заҳиралари теннис мактабида Очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди
Тошкент шаҳридаги Республика Олимпия заҳиралари теннис мактабида Очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди.
Тадбир давомида ёшлар ва уларнинг ота-оналари мактаб фаолияти билан яқиндан танишиб, тажрибали мураббийлар иштирокида ўтказилган маҳорат дарсларида қатнашдилар. Иштирокчиларга теннис машғулотлари, замонавий тайёргарлик тизими ҳамда спорт инфратузилмаси ҳақида батафсил маълумот берилди.
Республика Олимпия заҳиралари теннис мактаби мамлакатимиздаги энг йирик теннис базаси ҳисобланади. Айни шу маскан Ўзбекистоннинг кўплаб етакчи теннисчилари етишиб чиққан даргоҳ бўлиб, халқаро майдонларда, ATP ва WTA турнирларида, шунингдек Дэвис кубоги ҳамда Billie Jean King Cup мусобақаларида юртимиз шарафини ҳимоя қилган спортчилар ўз фаолиятини айнан шу ерда бошлаган.
Шунингдек, ушбу теннис марказида Tashkent Open, Tashkent Challenger ҳамда ITF тақвимидан ўрин олган нуфузли халқаро турнирлар мунтазам равишда ўтказилиб, дунёнинг кўплаб кучли теннисчиларига мезбонлик қилиб келмоқда.