Теннисда янги тарих: ўзбекистонлик қизлар WTA рейтингида 6 нафарга етди
Халқаро аёллар тенниси уюшмаси (WTA) 16 июн ҳолатига кўра ҳафталик янгиланган рейтингни эълон қилди. Дунёнинг энг кучли теннисчилари қаторида ҳануз беларуслик Арина Соболенко пешқадамликни мустаҳкам сақлаб турибди. Америкалик Коко Гофф ва Жессика Пегула эса иккинчи ва учинчи ўринларни бой бермаган. Хитойлик Чжэн Циньвэнь бир поғона юқорилаб, дунёнинг тўртинчи ракеткасига айланди.
Юртимиз теннисчилари учун ҳам бу ҳафта тарихий натижалар билан ёдда қолди. Эндиликда WTA рейтингидаги ўзбекистонлик қизлар сони 6 нафарга етди.
Энг катта сакрашни Тошкентдаги муваффақиятли иштирок орқали Дарья Шубина амалга оширди — у 207 ўрин юқорилаб, мамлакатимиздаги учинчи рақамли теннисчига айланди. Влада Якшибарова 21 поғонага кўтарилиб, яна Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси мақомини мустаҳкамлади. Нигина Абдураимова эса 6 ўринга ошиб, иккинчи рақамда қолди.
Милана Масленкова ва Сабрина Олимжонова муваққатан бир неча ўринга пасайган бўлса-да, рейтингда ўз позицияларини сақлаб турибди. Янги ном — Диана Яковлева ҳам рўйхатдан ўрин олди.
🇺🇿 WTA рейтингдаги ўзбекистонлик теннисчилар (16 июн ҳолати):
• 871. Влада Якшибарова – 28 очко (+21)
• 975. Нигина Абдураимова – 21 очко (+6)
• 1204. Дарья Шубина – 9 очко (+207)
• 1323. Милана Масленкова – 6 очко
• 1389. Сабрина Олимжонова – 4 очко
• 1414. Диана Яковлева – 3 очко (янги иштирокчи)