Теннис. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Billie Jean King Cup’даги иштирокини ўтган йилги натижани яхшилаган ҳолда якунлади
Малайзияда бўлиб ўтган Billie Jean King Cup Asia/Oceania Group II мусобақасида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ўтган йилгига нисбатан муваффақиятлироқ иштирок этди.
Терма жамоамиз гуруҳ босқичидан муваффақиятли чиқиб, Asia/Oceania Group I йўлланмаси учун плей-офф баҳсларида иштирок этди.
Ярим финалда Ўзбекистон терма жамоаси Филиппинга қарши кортга чиқди. Биринчи яккали учрашувда Нигина Алимова Тенниелле Мадисга 4:6, 5:7 ҳисобида имкониятни бой берди. Иккинчи яккали баҳсда эса Севил Йўлдашева Шайра Риверани 6:3, 7:5 ҳисобида мағлуб этиб, умумий ҳисобни тенглаштирди.
Ҳал қилувчи жуфтлик учрашувида Нигина Алимова ва Севил Йўлдашева Алекса Жой Миллиам ҳамда Шайра Риверага қарши баҳс олиб боришди. Муросасиз кечган учрашув 6:4, 3:6, 6:10 ҳисобида якунланди ва Group I йўлланмаси супер тай-брейкда ҳал бўлди.
Натижада Ўзбекистон терма жамоаси келаси мавсум ҳам Asia/Oceania Group II мусобақасида иштирок этади.
Шунга қарамай, жамоамиз ўтган йилги натижасини сезиларли даражада яхшилади. Агар 2025 йилда Ўзбекистон 8-ўринни эгаллаган бўлса, бу йил гуруҳ босқичидан муваффақиятли чиқиб, турнирнинг энг кучли тўрт жамоаси қаторида жой олди ҳамда Asia/Oceania Group I йўлланмаси учун охиригача кураш олиб бориб, ҳал қилувчи жуфтлик учрашувидаги супер тай-брейкда имкониятни бой берди.