locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Теннис. Афсонавий теннисчи Рожер Федерер 2026 йили Халқаро теннис шон-шуҳрат залига киритилади

Ушбу маросим 27-29 август кунлари Ньюпортда бўлиб ўтади.
Теннис
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Теннис. Афсонавий теннисчи Рожер Федерер 2026 йили Халқаро теннис шон-шуҳрат залига киритилади
photo: gettyimages

Афсонавий теннисчи Рожер Федерер 2026 йили Халқаро теннис шон-шуҳрат залига киритилади. Маросим 27-29 август кунлари Ньюпортда бўлиб ўтади.

Федерер "Катта дубулға" турнирларининг 20 карра чемпиони бўлган. У Уимблдон турнирида саккиз марта чемпионликни қўлга киритиб, рекорд ўрнатган. Жаҳон рейтинг жадвалида кетма-кет 237 ҳафта етакчилик қилган, бу ҳам такрорланмас натижа. Умуман, Федерер 310 ҳафта давомида етакчи бўлиб турган, бу борада фақат Новак Жокович натижаси ундан яхшироқ. Рожер 103 та ATP турнирида ғолиб чиққан, бу кўрсаткичда эса фақат америкалик Жимми Коннорсдан ортда қолган холос (109).

Федерер 2022 йил сентябрь ойида фаолиятини якунлаган. У хайрлашув учрашувини Рафаэль Надаль билан бирга ўтказган, аммо расмий турнирларда Уимблдон-2021 дан буён қатнашмаган. Шон-шуҳрат залига кириш учун теннисчи фаолияти тугаганига камида беш йил бўлиши лозим.

Албатта, Федерер учун шон-шуҳрат залига кириши ҳақидаги хабар кутилмаган янгилик бўлмади. Аммо расмий процедураларга риоя қилиш керак. Бу қувончли хабарни Рожерга етказувчи видеомулоқотда теннис афсоналари Ким Клайстерс, Борис Беккер, Стефан Эдберг, Род Лейвер, Пам Шрайвер, Мартина Хингис, Мартина Навратилова, Габриела Сабатини, Стен Смит, Билли Жин Кинг ва бошқалар – жами 20 киши иштирок этди. Шон-шуҳрат зали раҳбари Клайстерс Рожерга ташкилотга кириши ҳақида расмий эълонни ўқиб берди, сўнгра у ва бошқалар Федерер ҳақида илиқ сўзлар айтишди.
Рожер бу мақтовларга миннатдорчилик билан жавоб қайтарди. Федерер дунёнинг 28 мамлакатидан яна 267 нафар вакил билан ҳамроҳ бўладиган Шон-шуҳрат залига кирганидан жуда таъсирланди ва кўз ёшларини зўрға ушлаб турганини ҳамма кўрди. Келаси йилнинг 27-29 август кунлари афсонавий швейцарияликни Ньюпортда тантанали қабул маросими кутмоқда, у ерда ҳис-туйғуларини яшириш Рожерга янада қийинроқ бўлади.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг