Tashkent W15: Финалчилар аниқланди, Шубина муваффақиятли юришини тўхтатди
Пойтахтимизда ўтаётган теннис бўйича W15 тоифасидаги халқаро турнир ўз ниҳояси сари яқинлашмоқда. Ўзбекистоннинг етакчи теннисчилари — Влада Якшибарова ва Нигина Абдураимова мусобақадаги иштирокларини 1/8 финалёқ якунлашга мажбур бўлишди. Улар рақибларига имкониятни бой бериб, турнирнинг ҳал қилувчи босқичларига етиб бора олмадилар.
Шу билан бирга, юртимиз шарафини ҳимоя қилган Дарья Шубина мухлислар хотирасида ёқимли таассурот қолдирди. WTA рейтингида 1402-ўринда турган Шубина 1/4 финалда турнирнинг учинчи рақами, дунёнинг 624-ракеткаси бўлмиш кореялик Боуёнг Жейонгни мағлуб этиб, барчани ҳайратда қолдирди — 6/1, 6/1.
Афсуски, теннисчимиз ярим финалда россиялик Варвара Паншинага қарши ўйинда 1/6, 3/6 ҳисобида мағлубиятга учради. Паншина ҳозирда WTA рейтингида 780-ўринни эгаллаб турибди.
Иккинчи ярим финалда эса, 1/8 финалда Абдураимовани мусобақадан чиқарган ҳиндистонлик Вайшнави Адкар биринчи рақамли теннисчи — россиялик Ксения Ласкутовани 7/6(5), 6/3 ҳисобида мағлуб этиб, финалга йўл олди.