Синнер — дунёдаги энг кучли теннисчи. Алкарас — Рим финалидаги ғалабадан сўнг
Катта шлем турнирларининг тўрт карра ғолиби, жаҳон рейтингининг учинчи рақами бўлган 22 ёшли испаниялик теннисчи Карлос Алкарас Римдаги «Мастерс» финалида италиялик Янник Синнер устидан қозонган ғалабасидан сўнг рақиби ҳақида фикр билдирди.
Кеча, 18 май куни бўлиб ўтган финалда Алкарас Синнерни 7:6, 6:1 ҳисобида мағлуб этди.
«Синнер — ҳозирги кундаги энг кучли ўйинчи. У уч ой майдонга чиқмаган бўлса-да, барча турнирларда ўзини ажойиб кўрсатади, деярли ҳар бир учрашувда ғалаба қозонади. Унга қарши ўйнаганда мен янада жамланаман. Агар энг яхши ўйинингни кўрсата олмасанг, уни енгиш қийин. Унинг ўзига хос аураси бор. Рафа ва Роджер ўртасидаги беллашувлардаги ҳис-туйғуларимдай эмас, лекин Янникка қарши ўйнаганда бошқача энергия сезаман» , — деди Алкарас матбуот анжуманида.