Сергей Фомин Тошкентдаги турнирда ишончли старт олди
Расм: Gazeta.uz
Пойтахтимизда иккинчи ҳафтадирки, теннис бўйича M15 тоифасидаги халқаро турнир бўлиб ўтмоқда. 15 минг долларлик мукофот жамғармасига эга бўлган M15 Tashkent 2 мусобақасида бир қатор ўзбекистонлик теннисчилар ҳам иштирок этяпти. Улар орасида мамлакатимизнинг иккинчи ракеткаси Сергей Фомин биринчи рақам остида баҳсларга киришган.
Жаҳон рейтингида 453-поғонада турган Фомин мусобақани муваффақиятли бошлади. У 97 дақиқа давом этган илк давра учрашувида ҳамюртимиз Дамир Абдусаматовни 6/3, 6/2 ҳисобида мағлуб этди.
Эндиликда Сергей Фомин 1/8 финал босқичида россиялик Дмитрий Долженковга қарши кортга чиқади. Қайд этиш жоиз, рақиб ATP рейтингида 1860-ўринни эгаллаб турибди.
Бакрадзе Иман
Редактор