Сергей Фомин Софияда драматик учрашувда асосий тўрдан маҳрум бўлди
Болгариянинг София шаҳрида теннис бўйича Challenger 50 тоифасидаги Genesis Traiding Cup мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Мукофот жамғармаси 54 минг еврога тенг турнирда ҳамюртимиз, мамлакатимизнинг иккинчи ракеткаси Сергей Фомин саралаш босқичидан иштирокини бошлаганди.
1/2 финалда ҳиндистонлик Пражвал Девни 6/4, 6/4 ҳисобида мағлуб этган Фомин финалда асосий тўр йўлланмаси учун болгариялик Виктор Марковга қарши майдонга тушди. Марков бир кун олдин саралашнинг 1/2 финалида учинчи рақамли Петр Нестеровни йирик 6/1, 6/3 ҳисобида енгиб, сенсация яратганди.
Дуэль икки соат 30 дақиқа давом этди. Марков 6/4, 2/6, 7/5 ҳисобида ғалаба қозонди. Фомин учинчи сетда уч бор матчболдан қутулиб кетди, аммо ҳал қилувчи геймда ютқазди. Баҳсда Марков 11, Фомин эса 7 та эйс амалга оширди. Қўшхатолар сони — Марковда 10, Фомында 8.
ATP рейтингида Фомин 478-ўринда, Марков эса 1689-поғонада туради. Саралашга имтиёзли йўлланма билан қўшилган Марков энди асосий турнирда бош соврин учун курашини давом эттиради.