Сайдасслам Фарходов Tennis Europe турнирида Румынияда ғолиб бўлди
Ўзбекистон вакили Сайдасслам Фарходов Бухарест шаҳрида Tennis Europe шафелигида ўтказилган International Championships of Romania U14 халқаро турнирининг яккалик баҳсларида ғалаба қозонди.
2-тоифа мусобақалари 14–22 февраль кунлари Tenis Club Bucuresti кортларида бўлиб ўтди ва кенг халқаро иштирокчилар таркибини жамлади. Турнир давомида ўзбекистонлик теннисчи ишончли ўйин намойиш этиб, финалда чемпионликни қўлга киритди. Ҳал қилувчи учрашувда Сайдасслам Фарходов болгариялик теннисчи Александр Борисовни 6-3, 6-3 ҳисобида мағлуб этди.
2-тоифа турнирдаги ғалаба ёш спортчи учун муҳим натижа бўлиб, Tennis Europe U14 рейтингига салмоқли очколар олиб келади. Бухарестдаги муваффақият ўзбекистонлик юниорлар тайёргарлигининг юқори даражасини ва уларнинг Европа майдонидаги рақобатбардошлигини яна бир бор тасдиқлади.