Roland Garros Junior: Ўзбекистонлик теннисчилар чорак финалда
Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида старт олган Roland Garros Junior Series by Renault турнирида ўзбекистонлик ёш теннисчилар муваффақиятли иштирок этмоқда. U-16 ёш тоифасидаги беллашувлар доирасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган уч теннисчи мусобақанинг чорак финалига йўл олди.
Қизлар ўртасида Вероника Жепарова эронлик Мозхан Абедлатини 6:1, 6:0 ҳисобида мағлуб этди. Эмили Ким эса иорданиялик Нуур Селин Саеж устидан 6:1, 6:1 ҳисобида ишончли ғалаба қозонди.
Ўғил болалар баҳсида Маҳмудбек Бекназаров қозоғистонлик Даниэл Юрекли билан муросасиз учрашув ўтказди. Илк сетни бой берганига қарамай, у кейинги икки сетда устунликни қўлга олиб, 5:7, 6:4, 6:1 ҳисобида зафар қучди.
Мазкур мусобақа Марказий ва Ғарбий Осиёнинг энг кучли ёш теннисчиларини бир жойга жамлаб, уларга Францияда ўтадиган Roland Garros Junior Series финалида қатнашиш имконини беради. Турнир 9 август куни ўз ниҳоясига етади.