Нигина Абдураимова Ноттингемдаги яккалик баҳсларини якунлади
Буюк Британиянинг Ноттингем шаҳрида ITFнинг W35 тоифасига мансуб теннис мусобақаси давом этмоқда. Унда Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси — Нигина Абдураимова ҳам иштирок этяпти. Якалик баҳслари биринчи босқичида 30 ёшли Абдураимова мусобақанинг учинчи рақамли сейнери — австриялик Тамира Пашекка қарши майдонга тушди. Учрашув 67 дақиқа давом этди ва Пашекнинг ишончли ғалабаси билан якунланди — 6:1, 6:1.
Маълумот учун, Нигина WTA рейтингида 825-ўринни эгаллаб турибди. Унинг рақиби Пашек эса 389-поғонада жойлашган.
Эндиликда Абдураимова диққатини жуфтлик баҳсларига қаратади. У франциялик Алис Роббе билан бирга дуэт ҳосил қилади. Уларга қарши майдонга тушадиган рақиб — Британия жуфти. Учрашув 1 май куни Тошкент вақти билан соат 14:00 дан олдин бошланмайди.