Карлос Алкарас Новак Жоковични мағлуб этиб, «Australian Open — 2026» ғолибига айланди
Дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси, испаниялик Карлос Алкарас ўз фаолиятидаги унутилмас ғалабалардан бирини нишонлади. Бугун, 1 февраль куни Алкарас «Australian Open – 2026» турнири финалида афсонавий Новак Жоковични мағлуб этиб, мусобақа ғолибига айланди. Тўрт сет давом этган муросасиз баҳс 2:6, 6:2, 6:3, 7:5 ҳисобида испаниялик теннисчининг ғалабаси билан якунланди.
Эътиборлиси, Карлос Алкарас учун бу кетма-кет қўлга киритилган иккинчи «Катта дубулға» чемпионлигидир. У 2025 йилги мавсумнинг сўнгги йирик турнири — «US Open» финалида ҳам италиялик Янник Синнерни (6:2, 3:6, 6:1, 6:4) мағлуб этиб, бош совринни боши узра баланд кўтарган эди.
«Australian Open»даги ушбу муваффақият Алкарас учун фаолиятидаги биринчиси бўлди. Шу тариқа, 22 ёшли теннисчи ўз коллекциясини тўлдирди: у бунгача қолган учта «Катта дубулға» турнирининг ҳар бирига икки мартадан ғолиб чиқишга улгурган эди.