Ишончли старт: Сергей Фомин Шимкентдаги турнирни ғалаба билан бошлади, Максим Шин амалдаги чемпионга жиддий қаршилик кўрсатди
Қозоғистоннинг Шимкент шаҳрида ITF M15 туркумига кирувчи халқаро теннис турнири қизғин паллага кирган. Мусобақада Ўзбекистон шарафини икки теннисчи — Сергей Фомин ва Максим Шин ҳимоя қилмоқда. Турнирнинг биринчи рақамли сейнери Сергей Фомин асосий сеткадаги иштирокини муваффақиятли бошлади. Илк босқичда у 18 ёшли россиялик Егор Плешивцевни 6:2, 6:4 ҳисобида мағлуб этиб, навбатдаги босқичга йўл олди. Учрашув 1 соат 51 дақиқа давом этди.
Максим Шин эса саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, асосий сеткада амалдаги чемпион — франциялик Шон Куенинга қарши майдонга тушди. Таҗрибали рақибга қарши икки сетда мағлуб бўлганига қарамай (3:6, 6:7 (3)), Шин муносиб ўйин кўрсатиб, жиддий кураш олиб борди. Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта айнан шу Куенин финалда Фоминни мағлуб этган эди.
Бугун, биринчи май куни Сергей Фомин (ATP рейтингида 461-ўрин) 1/8 финал доирасида ҳиндистонлик Кумаран Бхарат (ATPда 1428-ўрин)га қарши кортга тушади.