Икки теннисчимиз M15 Tashkent 2 турнири ярим финалига йўл олди
Пойтахтимиздаги “M15 Tashkent 2” халқаро теннис мусобақаси қизғин паллага кирди. 15 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофот жамғармаси учун курашаётган теннисчилар орасида икки нафар юртдошимиз ярим финалга чиқишга муваффақ бўлди.
Мамлакатимизнинг иккинчи ракеткаси Сергей Фомин 1/4 финал босқичида россиялик Антон Чеховни мағлуб этди — 6/2, 6/0. Беллашув бир соат давом этди. Қайд этиш жоиз, Фомин жаҳон рейтингида 453-ўринда турса, унинг рақиби 1948-поғонада жойлашган.
Тўртинчи рақам остида ўйнаётган Максим Шин ҳам ярим финалга йўл олди. У рейтингда деярли 200 ўрин юқорида турган ҳиндистонлик Мадҳвин Каматни 6/2, 6/3 ҳисобида мағлуб этди. Шунингдек, Шин бир кун аввал ўзидан 400 ўрин юқоридаги бошқа ҳинд теннисчиси Бхарат Кумаранни 6/3, 6/3 ҳисобида ортда қолдирганди.
Афсуски, учинчи ракеткамиз Амир Милушев ярим финалга йўлланмани бой берди. У 1 соат 55 дақиқа давом этган баҳсда италиялик Лоренцо Лоруссога қарши 3/6, 6/7(5) ҳисобида имкониятни қўлдан бой берди. Милушев 1/8 финалда жаҳон рейтингида ундан 655 ўрин юқорида турган россиялик Аристарх Сафоновни 4/6, 6/2, 6/4 ҳисобида енгганди.
Юртдошларимизни ярим финалда ҳам муваффақият тилаймиз!