Гауфф ва Соболенко Мадрид финалида тўқнаш келади — Ига Свёнтек йирик ҳисобда мағлуб бўлди
WTA 1000 тоифасига кирувчи нуфузли Mutua Madrid Open мусобақасида аёллар ўртасидаги финалчилар номи маълум бўлди. 21 ёшли америкалик Коко Гауфф (WTA рейтингида 4-ўрин) дунёнинг иккинчи ракеткаси, поляк Ига Свёнтекни мағлуб этди. Учрашув атиги 65 дақиқа давом этди ва 6:1, 6:1 ҳисобида якунланди.
Иккинчи ярим финалда беларус теннисчиси Арина Соболенко украиналик Элина Свитолина устидан ғалаба қозонди — 6:3, 7:5. У шу тариқа Свитолинанинг кетма-кет 11 ғалабадан иборат сериясини тўхтатди. Бу Соболенко учун фаолиятидаги 37-финал, жорий мавсумдаги 6-ва охирги 4-турнирдаги 4-финал ҳисобланади. Мадридда эса у тўртинчи бор финалда ўйнайди.
Соболенко бош соврин учун Гауффга қарши кураш олиб боради. Улар ўртасидаги ўзаро ўйинларда ҳозирча америкаликнинг устунлиги бор — 5:4.
Финал 3 май куни Тошкент вақти билан соат 14:00 да бошланади.