Фомин камбэк орқали Тбилиси “Челленжер”нинг асосий тўрига йўл олди
Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида теннис бўйича “Челленжер” туркумига кирувчи халқаро турнир давом этмоқда. Ушбу мусобақанинг саралаш босқичида иштирок этаётган юртимиз вакили, мамлакатимизда иккинчи рақамли теннисчи саналган Сергей Фомин кеча грециялик Павлос Циципас устидан 6/3, 7/5 ҳисобида ғалаба қозонганди. Қайд этиш керак, Павлос машҳур теннисчи Стефанос Циципаснинг укаси ҳисобланади.
19 май куни эса Фомин саралашнинг ҳал қилувчи — финал босқичида россиялик Семен Панкинга қарши майдонга тушди ва муроса билмас курашда камбэк эвазига ғалабани қўлга киритди. Илк сетда 2/6 ҳисобида ютқазган ҳамюртимиз, иккинчи сетда тай-брек орқали 7/6(3) ҳисобида тараза палласини тенглаштирди. Якуний сетда эса Фомин ўз устунлигини ишончли кўрсата олди — 6/2. Беллашув давомида ёмғир сабабли ўйин қисқа муддатга тўхтатилган эди.
Статистик маълумотларга кўра, Фомин ATP рейтингида 462-поғонада бўлса, Панкин 900-ўринда. Ушбу учрашувда Фомин 12 та, рақиби эса 5 та эйс амалга оширди. Ҳар икки теннисчи 4 тадан қўшхатога йўл қўйди.
Шу тариқа Сергей Фомин Тбилиси “Челленжер”ининг асосий тўрига йўл олди ва ўзининг профессионал фаолиятида яна бир муҳим қадам ташлади.