Фарғонада ITF J100 халқаро теннис турнири ўтди
18–23 август кунлари Фарғона шаҳрида ITF World Tennis Tour Juniors J100 нуфузли халқаро турнири бўлиб ўтди. Мусобақада Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Хитой, Ҳиндистон, Полша, Россия, Беларусь ва Жанубий Кореядан келган энг иқтидорли ёш теннисчилар иштирок этди. Турнир Ўзбекистон теннис федерацияси ташаббуси билан, Халқаро теннис федерацияси (ITF) ҳомийлигида ташкил этилди.
Ўғил болалар баҳсида россиялик Фёдор Алтухов беларуслик Милан Таупенетсни 7–5, 4–6, 7–6(5) ҳисобида мағлуб этди. Қизлар ўртасида эса россиялик Александра Малова ватандоши Александра Чейшвилини 6–3, 6–1 ҳисобида енгди.
Ўзбекистонлик Акмал Абдуллаев ва Данила Квасов финалда поляк Виктор Ез ва хитойлик Каигаоге Канга қарши майдонга чиқиб, 6–0, 7–6(5) ҳисобида мағлубиятга учрашди. Қизлар баҳсида россиялик Ксения Ахрамеева – Алёна Харченко жуфтлиги қозоғистонлик Албина Какенова ва Сатима Торегенни 1–6, 6–4, [10–7] ҳисобида енгди.
J100 турнирлари ёш теннисчилар учун ITF Juniors рейтинг очколарини тўплаш ҳамда халқаро теннисда янги босқичга чиқиш имконини яратади. Ўзбекистонлик спортчиларнинг финалга қадар етиб бориши миллий теннис салоҳияти ошиб бораётганини кўрсатди ва ёшлар спорти ривожида муҳим қадам бўлди.