Billie Jean King Cup: Ўзбекистон терма жамоаси Янги Каледонияга ҳам ютқазди
Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида аёллар ўртасидаги теннис бўйича Billie Jean King кубоги – норасмий Жаҳон чемпионати қизғин паллага кирди. Мусобақанинг II Осиё/Океания гуруҳида иштирок этаётган Ўзбекистон терма жамоаси учун бу галги баҳс ҳам омадли кечмади. Юртимиз теннисчилари митти орол давлати — Янги Каледония терма жамоасига мағлуб бўлишди.
Биринчи учрашувда мамлакатимизнинг учинчи рақамли теннисчиси Дарья Шубина рейтингга эга бўлмаган Виолет Аписахга 6/7(5), 0/6 ҳисобида ютқазди. Иккинчи ўйинда эса Сабрина Олимжонова юзини сақлаб қолди — у Кароланн Делаунайни 6/2, 6/2 ҳисобида мағлубиятга учратиб, ҳисобни 1:1 кўринишига келтирди.
Ҳал қилувчи жуфтлик беллашувида Шубина ва Нигина Абдураимова дуэти Патрисия ва Виолет Аписах жуфтига қарши майдонга тушди. Тенг ва драматик кечган ўйинда ўзбекистонликлар 1/6, 7/6(9), тай-брекда 9:11 ҳисобида мағлубиятга учрадилар.
Шу тариқа, терма жамоамиз мусобақада кетма-кет учинчи мағлубиятини қайд этди. Бундан аввал Филиппин ва Индонезия терма жамоаларига ҳам ютқазган эдик.
Энди терма жамоамизни амалда ҳеч нарса ҳал қилмайдиган сўнгги баҳс — Эрон терма жамоасига қарши учрашув кутмоқда.