Алкараз сўнгги тўртта «Катта Дубулға»нинг учтасида ғалаба қозонди
Дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси Карлос Алкараз замонавий теннисда ўз ҳукмронлигини ўрнатишда давом этмоқда. 22 ёшли испан иқтидор эгаси сўнгги тўртта «Катта дубулға» турнирининг учтасида ғолибликни қўлга киритди.
«Australian Open – 2026» финалида Карлос афсонавий Новак Жоковични тўрт сетда (2:6, 6:2, 6:3, 7:5) таслим этиб, ўзининг еттинчи титулини расмийлаштирди.
Айни дамда Алкараз «Ролан Гаррос» ва «US Open» турнирларининг ҳам амалдаги чемпиони ҳисобланади. Эътиборлиси, ҳар икки мусобақа финалида у ўзининг асосий рақиби Янник Синнерга қарши кортга чиққан. «Ролан Гаррос – 2025» финалидаги 5 сетлик драматик баҳсда (4:6, 6:7, 6:4, 7:6, 7:6) испан юлдузининг қўли баланд келган бўлса, «US Open» ҳал қилувчи ўйинида ҳам у италиялик рақибини 3:1 ҳисобида мағлуб этган эди.
Фақатгина «Уимблдон-2025» финалида Синнер Алкаразни тўхтатиб қолишга муваффақ бўлган.
Австралиядагги ушбу муваффақият Карлос учун фаолиятидаги биринчиси бўлди. Эндиликда унинг ҳисобида барча турдаги «Катта дубулға» совринлари мавжуд: у бунгача қолган учта нуфузли турнирда икки мартадан зафар қучишга улгурган эди.