Александр Зверев: Аҳмоқона савол ўйлаб топиш — сизларнинг ишингиз
Дунё рейтингининг иккинчи рақамли теннисчиси, германиялик Александр Зверев жорий мавсумдаги «Мастерс» турнирларидаги муваффақиятсиз натижалар ҳақида берилган саволга асабийлик билан жавоб қайтарди.
«Биласизми, мен икки ҳафта олдин турнирда ғалаба қозонганман, шундай экан, бу ҳақда ўйлагим келмайди. Аҳмоқона саволлар ўйлаб топиш — бу сизларнинг ишингиз. Матч фақат бир соат давом этган бўлса ҳам, бундай саволларни беришга ишончингиз комил. Мен бу ишни сизга қолдираман», — деди Зверев Corriere dello Sport нашрига.
Жорий мавсумдаги тўртта «Мастерс» турнирида Зверев икки марта иккинчи босқичга, яна икки марта тўртинчи босқичгача етиб борган. Айни пайтда Италиянинг Рим шаҳрида ўтаётган навбатдаги «Мастерс»да у 1/8 финалга чиққан ва француз теннисчиси Артюр Фисга қарши ўйнайди.