Жорий йилнинг 2 июн куни Фарғона тумани Водил қишлоғидаги “Чинор таги” истироҳат боғида белбоғли кураш байрами бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 2 июн куни Фарғона тумани Водил қишлоғидаги “Чинор таги” истироҳат боғида белбоғли кураш байрами бўлиб ўтди.
Водил қишлоғида туғилиб вояга етган, кураш мухлислари қалбидан жой олган, ўз даврининг машҳур ва номдор полвонлари бўлган - Хамид полвон Тешабоев, Темир полвон Мамаҷонов ва Турсунали полвон Мамаҷоновлар хотираси учун ҳамда 1 июн - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан белбоғли кураш бўйича эркаклар ўртасида анъанавий республика очиқ турнири ўтказилди.
Мазкур Республика очиқ турнирида Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ҳиндистон давлатларидан 200 нафарга яқин энг номдор полвонлар иштирок этишди.
Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Фарғона вилояти спорт бошқармаси, Фарғона тумани ҳокимлиги ҳамда вилоят белбоғли кураш федерацияси ҳамкорлигида юқори савияда ташкил этилган мазкур турнирда полвонлар 8 та вазн тоифаларида беллашишди. Турнир доирасида, шунингдек, тантанали очилиш маросими ташкил этилди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, элда азиз полвон боболарнинг ёрқин хотираси учун ташкил этилган белбоғли кураш беллашувлари шиддатли ва муросасиз бўлди.
Айниқса, ҳар эшигидан ҳа деса полвонлар бўй кўрсатадиган, асли наслида полвонлик қони уфуриб турадиган водилликларнинг курашини кўп сонли белбоғли кураш мухлислари шоду хуррамлик билан олқишлаб туришди.
Очиғи, биз ҳам беллашувларни кураш майдонида туриб томоша қилдик ва шу ерлик аҳолининг миллий спорт туримиз белбоғли курашга ашаддий шайдоси эканлигига, полвонларидан фахрланишига ҳавас қилдик. Янада эътиборлиси, боғча болаларининг ҳам белбоғли кураш баҳсларини қувонч билан кузатиши бўлди.
Сайл кураши тарзида ўтган ушбу турнирда Нажмиддин Умаров, Ҳаётбек Камолиддинов, Нодирбек Ҳайдаралиев, Дийорбек Полвонбоев, Файозбек Абдуғаффаров, Паҳлавон Умаралиев, Ойбек Муҳаммадов, Бобиржон Тўхтасинов сингари полвонлар ўз вазн тоифаларида рақибларини енгиб, ташкилотчилар томонидан диплом, медал ва қимматбаҳо эсдалик совринларга эга бўлишди.