Жавоҳир Синдаров: Позитсия барқарор эди, лекин имконият топилгач босимни оширдим
Номзодлар турнири 6-туридан сўнг Жавоҳир Синдаров Вэй И устидан қозонган ғалабасини батафсил шарҳлаб берди.
Унинг айтишича, партия мураккаб ва икки томон учун ҳам хавфли бўлган:
“Бошланишида позитсия ёмон эмас эди, лекин бир пайт бироз ноқулай бўла бошлади. Кейин фил d4'га келгач, ўйиним очилди. Шу билан бирга вақт устунлиги ҳам пайдо бўлди ва аста-секин босим қилишни бошладим.”
Синдаров ўйиннинг муҳим жиҳатларидан бири — вақт омили эканини яна бир бор таъкидлади:
“Агар вақт кўп бўлса, ўзингни анча дадил ҳис қиласан. Кичик тактик деталларни ўтказиб юбормаслик жуда муҳим. Шунинг учун вақт устунлиги бўлса, тезроқ ўйнайман, лекин ҳаммасини текшириб бораман.”
У дебют босқичи ҳақида ҳам қизиқарли фикр билдирди:
“4-юришдан кейин мен деярли тайёргарликдан чиқдим. Бу вариантни аниқ тайёрламагандим. a3 юриши мен учун кутилмаган бўлди, лекин позитсия жуда ёмон эмас - ўйнаса бўладиган эди.”
Динамик позитсиялар унинг услубига мос келишини ҳам яширмади:
“Мен динамик ўйинларни ёқтираман. Иккала томон учун ҳам ғалабага имкониятлар бўлган позитсияларда ўйнашдан завқ оламан.”
Синдаров ҳатто дуранг натижани ҳам ёмон деб ҳисобламаганини айтди:
“Агар рақиб жуда аниқ ҳимояланса, дуранг ҳам ёмон натижа бўлмасди. Лекин сейтнотда у кичик хатоларга йўл қўйди ва мен уларни аниқ ишлата олдим.”
Турнир давомида қандай ёндашувни танлагани ҳақида эса у шундай деди:
“Бу менинг биринчи Номзодлар турнирим, албатта жуда муҳим турнир. Лекин ортиқча босим бўлса, ўйнаш қийинлашади. Шунинг учун шунчаки оддий шахмат ўйнашга ҳаракат қилаяпман.”
Ўзига бўлган ишонч ҳақида эса у жуда муҳим фикр билдирди:
“Агар турнир олдидан яхши тайёрлансам, ўзимга ишонаман. Қийин позитсияларда ҳам тўғри юришларни топа олишимга ишонч бўлади.”
Якунда у яна бир муҳим жиҳатни таъкидлади:
“Бу вақт назоратида ўйнашни ҳам энди ўрганаяпман. Ҳали кўп нарсани ўрганишим керак, лекин ҳозирча ҳаммаси яхши кетмоқда.”