Жавоҳир Синдаров Global Chess League’да жамоа етакчиси сифатида иштирок этади
Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров Бенгалуруда бўлиб ўтадиган Global Chess League мусобақасининг тўртинчи мавсумида иштирок этади. Синдаров бу сафар илк бор Icon мақомида, яъни FYERS American Gambits жамоасининг етакчи шахматчиси сифатида дона суради.
Мусобақада жаҳон шахматининг етакчи вакиллари ҳам қатнашади. Хусусан, кўп карра жаҳон чемпиони Магнус Карлсен, афсонавий Вишванатан Ананд ҳамда Алиреза Фирузжа каби кучли гроссмейстерлар турнир иштирокчилари қаторидан жой олган.
Global Chess League Синдаров учун яқинлашиб келаётган муҳим мусобақаларга тайёргарлик жараёнининг бир қисми бўлади. Ўзбекистонлик шахматчи Самарқандда ўтказиладиган Шахмат Олимпиадаси ҳамда жаҳон чемпионлиги учун баҳс олдидан халқаро даражадаги кучли рақибларга қарши тажриба орттириш имкониятига эга бўлади.
Маълумот учун, Жавоҳир Синдаров 2026-йилги Номзодлар турнирида ғолиб чиқиб, Гукеш Доммаражуга қарши жаҳон тожи учун баҳслашиш ҳуқуқини қўлга киритган. Учрашув 25-ноябрдан 15-декабргача Женевада бўлиб ўтади.