Жавоҳир Синдаров: Бизда рақобатдан кўра ҳамжиҳатлик кучлироқ
Кипрдаги муваффақиятли иштирокдан сўнг навбатдаги Grand Chess Tour баҳсларига тайёргарлик кўраётган гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдаров ўзининг сўнгги таассуротлари билан ўртоқлашди.
Жавоҳир Тошкентдаги муҳит ва давлатимиз раҳбари билан учрашув ҳақида шундай дейди:
"Тошкентда ўтган ҳар бир дақиқадан завқланяпман. Президентимиз билан учрашув аъло даражада ўтди. Бу вақтлар мен учун худди ширин тушдек бўлди. Меҳнат шуҳрати ордени юртимиздаги энг юқори мукофотлардан бири. Тўғриси, бу эътиборнинг масъулиятини ҳали охиригача ҳис қилиб улгурганим йўқ, лекин Президентимиз билан кўришиш ва у кишидан энергия олиш мен учун жуда муҳим. Бу қўллаб-қувватлаш келгуси турнирларда менга катта мотивация беради"
Суҳбат давомида шахматга давлатимиз томонидан берилаётган эътибор ҳам қайд этилди:
"Ўзбекистон сўнгги 2-3 йилда шахматда улкан ишларини амалга оширмоқда. Ҳукуматимиз бизни ажойиб тарзда қўллаб-қувватлаяпти. Шахматга мамлакатида давлат даражасида ҳомийлик қилинаётгани жуда муҳим ва биз бунинг учун миннатдормиз. Олдинда бизни Самарқандда ўтадиган Олимпиада ва ўта қизиқарли АҚШ ва Ўзбекистон учрашуви кутяпти. Бу учрашув ўзига хос шоу бўлиши аниқ, мен эса жамоавий баҳсларни жуда яхши кўраман"
Мухлислар Нодирбек ва Жавоҳир ўртасидаги дўстона муносабатларни юқори баҳолашади. Жавоҳир бу борада ҳам ўз фикрлари билан бўлишди:
"Нодирбек жуда яхши инсон. Ҳар бир турнирда унга мухлислик қиламан. У Номзодлар турнири давомида ва ундан олдин ҳам менга кўп ёрдам берди. Мен у билан бир жамоада ўйнашимдан фахрланаман. Бизда рақобатдан кўра ҳамжиҳатлик кучлироқ. Умуман олганда, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг барчаси дунёдаги энг яхшилари. Мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилишдан ҳамиша фахрланаман"
Жавоҳирнинг Grand Chess Tour доирасида 🇮🇳Gukesh билан бўладиган партияси барча учун қизиқ. Чунки бу Жавоҳир Номзодлар турнирида ғалаба қозониб, Жаҳон тожи даъвогарига айланганидан кейинги илк юзма-юз учрашув бўлади:
"Gukesh билан бўладиган ўйин ҳақида кўп ўйлаётганим йўқ. Чунки бу мутлақо бошқа турнир, бошқа вақт назорати ва бошқа вазият. Gukesh ҳам худди шундай фикрда бўлса керак. Йил охирида бизни жуда муҳим баҳс (Жаҳон чемпионлиги учун) кутмоқда. Ҳозир эса асосий вазифамиз бор эътиборни шу турнирга қаратириш ва сифатли шахмат кўрсатишдир"