Жаҳон чемпионатининг илк куни: Ўзбекистон терма жамоаси 3 ғалаба ва 1 мағлубият қайд этди
Лондонда рапид ва блиц бўйича жамоавий жаҳон чемпионати бошланди. Дунёнинг 55 етакчи жамоаси қатнашаётган ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этмоқда. Юртимиз шарафини Рустам Қосимжонов, Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров, Шамсиддин Воҳидов каби тажрибали гроссмейстерлар ҳимоя қилмоқда.
Чемпионатнинг умумий мукофот жамғармаси 500 минг еврога тенг бўлиб, рапид йўналиши учун 310 минг, блиц учун эса 190 минг евро ажратилган. Мусобақанинг илк кунида рапид бўйича 4 та тур ўтказилди. Ўзбекистон жамоаси 3 ғалаба ва 1 мағлубиятни қайд этди:
1-тур: Ўзбекистон — Berlin Chess Federation — 6:0
Абдусатторов, Синдаров, Қосимжонов, Воҳидов, Ҳамдамова ва Имомқўзиева рақибларини мағлуб этди.
2-тур: Ўзбекистон — Hetman Katowice — 4,5:1,5
Абдусатторов Наварага ютқазди. Синдаров, Якуббоев, Ҳамдамова ва Имомқўзиева ғалаба қозонди. Воҳидов дуранг қайд этди.
3-тур: Ўзбекистон — Knight Dance — 4,5:1,5
Абдусатторов Жорден ван Форест билан дуранг ўйнади. Синдаров, Воҳидов, Ҳамдамова ва Имомқўзиева ғалаба қозонди. Якуббоев ютқазди.
4-тур: Ўзбекистон — Team MGD1 — 2,5:3,5
Абдусатторов Аржун Эргаисини мағлуб этди. Синдаров, Якуббоев ва Ҳамдамова дуранг ўйнади. Воҳидов ва Имомқўзиева ютқазиб қўйди.
Шу тариқа, терма жамоамиз 6 очко билан мусобақа жадвалида 8-ўринни эгаллаб турибди. Бизни мағлуб этган Team MGD1 жамоаси эса 8 очко билан пешқадамлик қилмоқда.
12 июн куни рапид йўналишида яна 4 та тур ўтказилади. 5-турда шахматчиларимиз америкалик гроссмейстер Левон Аронян бошчилигидаги Hexamind жамоасига қарши баҳс олиб борадилар. Бу жамоа ҳам 6 очко жамғарган.