Жаҳон чемпионатида муваффақият қозонган қўл жанги усталари тақдирланди
29-май – 3-июн кунлари Туркиянинг Бурса шаҳрида қўл жанги бўйича катталар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси юксак натижаларга эришди. Спортчиларимиз мусобақада 8 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритишди.
Шунингдек, 3–8-июн кунлари Грециянинг Лутраки шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон спорт ўйинлари доирасидаги қўл жанги баҳсларида ҳам вакилларимиз муваффақиятли қатнашиб, 13 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медалига сазовор бўлишди. Ҳар икки мусобақада Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Кеча, 9 июн куни Спорт вазирлигида чемпионлар ва уларнинг мураббийларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда спортчилар хизмат қилаётган ҳарбий тузилмалар вакиллари, Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Қўл жанги федерацияси раҳбарияти иштирок этди.
Маросимда расмийлар спортчиларни эришган ютуқлари билан муборакбод этиб, уларга келгусида янада йирик мусобақаларда муваффақият тилашди. Ғолиб спортчилар ва уларнинг мураббийлари ўз кўрсаткичларига қараб муддатидан олдин ҳарбий унвонлар, фахрий кўкрак нишонлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

