Жаҳон чемпионати старт олди: Дзюдочиларимиз учун илк кун қандай ўтди?
13-июн куни, Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида катталар ўртасидаги дзюдо бўйича жаҳон чемпионатига старт берилди. Мусобақанинг биринчи кунида аёллар -48 кг ва эркаклар -60 кг вазн тоифаларида ғолиблар аниқланмоқда. Йилнинг энг нуфузли мусобақаси бўлган мазкур чемпионатда ҳар куни эркаклар ва аёллар ўртасида биттадан вазн тоифасида чемпионлар номи эълон қилинади.
Афсуски, мусобақанинг илк куни Ўзбекистон терма жамоаси учун омадли бошланмади. Уч нафар дзюдочимиз — Ҳалимажон Қурбонова, Лазиза Ҳайдарова ва Баҳром Ботуров мусобақани эрта тарк этди.
Ҳалимажон Қурбонова (-48 кг), жаҳон рейтингида 30-ўринда турган спортчимиз, мусобақани тўғридан-тўғри иккинчи босқичдан бошлади. У бельгиялик Лоис Петитга қарши курашда шидо огоҳлантиришлари натижасида мағлуб бўлди.
Лазиза Ҳайдарова (-48 кг) учун эса бу жаҳон чемпионати катталар ўртасидаги илк йирик синов бўлди. 18 ёшли навоийлик дзюдочимиз мусобақанинг биринчи босқичидаёқ таниқли рақиб — Париж-2024 Олимпиадаси бронза медалчиси, жамоавий Олимпия чемпиони, жаҳон чемпионати финалчиси ва тўрт карра Европа чемпиони франциялик Ширин Буклига қарши рўбарў келди. Ҳайдарова баҳсда муносиб ҳаракат қилган бўлса-да, қўшимча дақиқаларда шидо огоҳлантириши билан имкониятни бой берди.
Эслатиб ўтамиз, Лазиза Ҳайдарова жорий йилда Grand Prix Upper Austria мусобақасида бронза медалига сазовор бўлган. Шунингдек, у кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам шоҳсупага кўтарилган.
Баҳром Ботуров (-60 кг) эса мусобақани иккинчи босқичдан бошлади. У мўғулистонлик Ариунболд Энҳтайванга қарши баҳс олиб борди. Афсуски, бу беллашувда Баҳром иппон баҳоси билан ютқазиб, мусобақани тарк этди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси учун жаҳон чемпионатининг биринчи куни кутилганидек якун топмади. Энди эса умидларимиз кейинги кунларда татамига чиқадиган дзюдочиларимизнинг ҳаракатларига боғлиқ.