ЎзДЖТСУ ва Куккивон: халқаро алоқаларда янги босқич бошланди!
Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги очиқ ва дўстона мулоқотлар мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтариш имконини бермоқда. Айниқса, ушбу ҳамкорлик алоқалари кўлами таълим, фан, маданият ҳамда спорт каби қатор йўналишларда ҳам янги босқичга чиқиб улгурган.
Хусусан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳам Жанубий Кореянинг бир қатор нуфузли олий таълим муассасалари билан бир қаторда турли спорт ташкилотлари билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқда.
Жумладан, бугун, 11-июн куни Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига Бутунжаҳон “Куккивон” таэквондо академияси Президенти Ли Донг Суп бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Фахрий меҳмонлар университет ректори Рашид Маткаримов бошчилигидаги университет жамоаси томонидан муносиб кутиб олиниб, томонлар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Дастлаб, фахрий меҳмонлар университет тарих музейини кўздан кечириб, музейдаги экспонатлар билан яқиндан танишди. Шундан сўнг томонлар Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги дўстона алоқалар нафақат сиёсий-иқтисодий, балки таълим, маданият ва спорт соҳасида ҳам кенг равишда олиб борилаётгани алоҳида қайд этиб, келгусида Ўзбекистонда таэквондо спортни янада ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, талабалар ва спортчилар алмашинуви дастурлари ҳамда биргаликда тренинг ва семинарлар ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.