Ўзбекистон велоспорт федерациясида навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди
Бугун, 18-апрел куни Ўзбекистон велоспорт федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот ва сайлов конференцияси ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон велоспорт федерацияси раиси биринчи ўринбосари Козим Ўринбойхўжаев ва ҳудудий бўлимлар вакиллари Zoom платформаси орқали онлайн тарзда иштирок этдилар.
Конференция давомида бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди, шунингдек, келгусида амалга ошириладиган ислоҳотлар атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, велоспорт бўйича аёллар миллий терма жамоаси натижалари алоҳида эътироф этилди. Аёл велоспортчиларимизнинг халқаро турнирларда легионер сифатида муваффақиятли иштироки натижасида Ўзбекистон терма жамоаси учун муҳим очколар тўплаб бераётгани таъкидланди. Шу муносабат билан, иқтидорли қизларни келгусида ҳам легионер сифатида жалб этиш ғояси илгари сурилди.
Шунингдек, олдинда турган йирик мусобақалар, хусусан, Осиё ўйинлари ва Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. Ушбу нуфузли турнирларда кучли ўнликка кириш вазифаси юклатилганлиги инобатга олиниб, хорижий мутахассисларни жалб этиш ва аниқ режалаштирилган тайёргарлик ишлари ҳақида маълумот берилди.
Конференциянинг асосий кун тартибидан бири — янги лавозимларга тайинловлар бўлди. Муҳокамалар натижасида, иштирокчиларнинг якдил қарорига кўра, Асқар Абдувалиевич Тоғайбеков Ўзбекистон велоспорт федерацияси раиси ўринбосари лавозимига сайланди.
Шунингдек, Ўзбекистон велоспорт федерациясининг Тошкент шаҳар бош котиби сифатида фаолият юритаётган Абдуазиз Абдужабарович Абдуразақов — Ўзбекистон велоспорт федерациясининг бош котиби лавозимига сайланди.
Йиғилиш якунида барча иштирокчиларга ўз вазифаларига масъулият билан ёндашиш, федерация фаолиятини янада ривожлантириш ва мамлакатимиз спорт салоҳиятини оширишда фаол иштирок этиш бўйича тавсиялар берилди.