Ўзбекистон ва Венгрия Паралимпия йўналишида ҳамкорликни кучайтиради
Бугун, 30 май куни Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Муҳторхон Ташходжаев Венгриянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси жаноб Йожеф Рожа билан учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида икки давлат ўртасида Паралимпия йўналишидаги мавжуд ҳамкорлик ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, келгусида Венгрия Миллий Паралимпия қўмитаси билан ҳамкорликда қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, пара сузиш, аравачада қиличбозлик каби Венгрияда кенг ривожланган спорт турлари бўйича мутахассислар малакасини ошириш курсларини ўтказиш, шунингдек, Венгрия тажрибаси асосида методик қўлланмалар тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар Паралимпия соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича келишувга эришди.