Ўзбекистон ва Қозоғистон оғир атлетикада ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди
Чирчиқ шаҳрида Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг Тошкент вилояти бўлими ҳамда Қозоғистон оғир атлетика федерациясининг Олма-ота бўлими ўртасида муҳим ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат икки давлат ўртасидаги спорт алоқаларини янада мустаҳкамлаш, оғир атлетикани ривожлантириш ҳамда спортчилар, мураббийлар ва мутахассислар ўртасида тажриба алмашишни кенгайтиришга хизмат қилади.
Келишув доирасида қўшма ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этиш, халқаро мусобақаларда ўзаро иштирокни таъминлаш, илмий-услубий ҳамкорликни ривожлантириш ва замонавий спорт ёндашувларини жорий этиш режалаштирилган. Шунингдек, томонлар спортда ҳалоллик тамойилларига содиқ қолган ҳолда, допингга қарши курашни биргаликда олиб боришга келишиб олдилар.
Қайд этиш керак, ушбу Меморандум икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиб, оғир атлетика ривожига мустаҳкам замин яратади.