Ўзбекистон ва Қозоғистон футзал терма жамоалари ўртоқлик учрашуви ўтказади
Ўзбекистон ва Қозоғистон миллий футзал терма жамоалари яқин ойларда ўртоқлик учрашуви ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Sports24.kz нашри хабар берди. Беллашувни Тошкент шаҳрида, ўзбек томони таклифи асосида ўтказиш эҳтимоли юқори.
Ушбу учрашув ҳар икки жамоа учун жаҳон чемпионати саралаш босқичи ва Осиё чемпионатининг ҳал қилувчи босқичига тайёргарлик жараёнида муҳим синов вазифасини ўтайди.
Ҳозирча ўйин санаси ва формати келишув босқичида, бироқ ҳар икки федерация уни амалга оширишдан манфаатдор. Беллашув мухлислар ўртасида катта қизиқиш уйғотиши кутилмоқда, чунки Қозоғистон ва Ўзбекистон футзалда Осиёнинг етакчи жамоалари сирасига киради.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги футзал бўйича жаҳон чемпионати Ўзбекистонда бўлиб ўтган эди. Унда Қозоғистон терма жамоаси бош мураббий Рикардо Кака қўл остида чорак финалгача етиб борган, аммо бу босқичда келажак финалчи — Аргентинага 1:6 ҳисобида мағлуб бўлган. Ўзбекистон терма жамоаси эса гуруҳ босқичини охирги ўринда якунлаб, мусобақани эрта тарк этган. Улар Нидерландия, Коста-Рика ва Парагвай терма жамоалари билан бир гуруҳда иштирок этган эди.