Ўзбекистон ва Қозоғистон аёллар терма жамоалари Чирчиқда қўшма ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда
Айни кунларда Чирчиқ шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон аёллар терма жамоаларининг қўшма ўқув-машғулот йиғини юқори савияда ташкил этилмоқда. Мазкур йиғин давомида спортчилар мураббийлар раҳбарлигида маҳоратларини ошириб, ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлмоқда.
Та’кидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Қозоғистон оғир атлетика бўйича жаҳон спортида етакчи давлатлар қаторида ўрин олган бўлиб, ҳар икки мамлакат вакиллари нуфузли халқаро мусобақаларда мунтазам равишда юқори натижаларни қайд этиб келмоқда. Шу боис, икки терма жамоа иштирокидаги ушбу қўшма йиғин спортчилар ва мураббийлар учун катта амалий аҳамият касб этмоқда.
Дўстона ва профессионал муҳитда ўтаётган машғулотлар спортчиларнинг техник ва тактик тайёргарлигини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, тажриба алмашиш орқали маҳоратни оширишга хизмат қилмоқда. Айниқса, олдинда турган жаҳон чемпионати, Осиё ўйинлари ва бошқа йирик халқаро мусобақалар арафасида бундай ҳамкорлик ҳар икки терма жамоа учун муҳим тайёргарлик босқичи ҳисобланади.
Қўшма ўқув-машғулот йиғини 12-июнга қадар давом этади.